30 July 2014
00:32 - Туркияда президент сайловларида ким қанча овоз олади?

Аввалги хабарларимиздан маълумки, 10 август куни Туркияда биринчи марта бўладиган умумхалқ президент сайловларида 3 номзод қатнашмоқда. Сайлов бюллетенида уларнинг исмлари қуйидаги тартибда ёзилади:

Ражаб Эрдўғон, жорийдаги Бош вазир, ҳокимиятдаги исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партиясининг раиси.

Салоҳиттин Демиртош, курдларнинг Тинчлик ва Демократия Партиясининг раисдошларидан бири.

Экмалиддин Инсонўғли, мухолифатдаги Жумҳурият Халқ Партиси ва Миллиётчи Ҳаракат Партиясининг умумий номзоди.

Туркия ахборот воситаларида турли сўровномалар воситасида қайси номзод қанча овоз олиши доимо ўрганиб борилмоқда. Сал кам ҳамма сўровномалар Ражаб Эрдўғон 50-55 фоиз атрофида овоз олишини кўрсатмоқда.

Кеча Туркияда энг ишончли ҳисобланадиган ташкилотлардан бири бўлмиш KONDA ўз натижаларни эълон қилди. Уларга кўра, номзодлар қуйидагича овоз олишади:

Ражаб Эрдўғон – 55%
Экмалиддин Инсонўғли -38%
Салоҳиттин Демиртош - 7,5%

Демак, Туркиянинг кейинги президенти ким бўлиши ҳозирданоқ маълум деса бўлади. Бу – Ражаб Эрдўғон.