27 July 2014
12:47 - “Ҳаракат” хатқутисидан – Чириган ўзбек жамиятининг аҳволи: ҲОДАРВЕШ ШАМОЛИ
Миршариф Ходжаев

СТВ телекомпанияси раҳбарияти «телба-тескари» ишларимга етти йил чидади. Бу орада бир неча марта тахта-ўқлоғимни йиғиштириб, кетиб ҳам қолдим. Ҳар гал чақириб олишарди. Сабрнинг таги ҳамиша олтин бўлавермайди. Штатлар қисқариши баҳонасида каминадан қутилишибди-ю, бу гапни ўзимга икки ой айтишмабди. Ваҳоланки, Меҳнат кодексига кўра, қисқаришга тушадиган киши ишдан бўшатилишидан икки ой олдин огоҳлантирилади. Улар эса каминага нисбатан қонуннинг тескарисини қўллашган. «Сендақаларнинг даъвоси шу», дейишган бўлса керак. Олтмиш кун маошсиз ишлабман. Ҳамма пул олаётганида хазиначидан: «Менга ҳам маош борми?» деб сўрасам, «Қисқаришга тушганингизни билмайсизми? Икки ойдан буён штат рўйхатида йўқсиз», дейди. Индамай чиқиб кетдим. Кўп ўтмай, тағин ишга таклиф қилишди, бормадим. Шу кунларда ҳам (2014 йил 26 июл) чақиришяпти...

Нафақамни олиб, барча графоман ҳамкасбларим сингари, «рўмон» ёздим ва яшириб қўйдим. Чунки нафақага чиқиб ёзилган «рўмон»лардан бирортаси роман бўлмаганлигини биламан. Ўзимдан бошқа ҳеч ким ўқимаган (баъзи бобларини Нусрат Раҳматга ўқиб берганман, холос). Уйда ишдаги алғов-далғов йўқ. Камина эса «қий-чув»сиз туролмайман.

Вилоят педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ректори, эски қадрдоним – Азиз Аминовга учрашдим.

– Эй, ака, уйда ўтириб нима қиласиз? Бизга келинг, «Миллий ғоя» фанидан дарс бераман, эрмак қилиб юрасиз, – деди.

«Миллий ғоя»ни «эрмак» қилдим. Бу кафедрада ишлаш жараёнида ҳали ўзимиз тушуниб етмаган миллий ғояни бошқаларга уқтирмоқчи бўлаётганимизни англадим. Масалага чуқурроқ ёндашсам, чалғийсиз...Бир ўқитувчи: «Бу галварс ўқувчиларга мавзуни уч марта тушунтирдим ҳам, тушунишмади. Тўртинчи марта тушунтираётганимда, ҳатто ўзим тушунсам ҳам, улар тушунишмади», деган экан.

Азиз Аминов ўрнига Азамат Қураҳмедов деган ёш олим ректор бўлди.

– Филолог экансиз, тил ва адабиёт кафедрасига мутахассис излаяпмиз, ўша ёққа ўтинг, – таклиф қилди раҳбар.

Кафедра мудирлигига филология фанлари номзоди Абдумуйин Тиркашевни вақтинча тайинлашди. Биз бир-биримизни танимасдик. Тил ва адабиёт бўлимига бошқа ходим ҳали олинмаган эди. Ректор биринчи кундаёқ: «кафедранинг ўзбек тили ва адабиёти бўлимига тегишли икки катта хона ва иккита кичик хоналарни ўз ҳисобларингдан таъмирлайсизлар», дея топшириқ берди. Танишувимизнинг биринчи кунида Тиркашев билан бўёқ ва бошқа керакли нарсаларни харид қилдик, якшанба куни хоналар полларини бўяшга келишдик. Мудирга «эскироқ жома кийинг», деб маслаҳат бердим. Домла айтганимни қилмай, яхши дазмолланган оҳорли қора шим ва оқ кўйлакда келди. Ёлланган икки ёрдамчи билан полларни бўядик. Тиркашев кун бўйи, ҳеч нарсага қўл тегизмай, топшириқ бериб юрди. Ишни тугатганимиздан кейин эшикни қулфлаётганимда:

– Э-э, домла, дафтарим стол устида қолибди, ўшани олай, – деди.

Эшикни қайтадан очдим. Мудир, пол бўёғини бузмаслик мақсадида, товони билан юриб борди-да, дафтарини олди. Изига қайтаётганида, оёғи нохос сийғаниб, қотмаган бўёқ устига чалқанчасига йиқилди. Қўлидан ушлаб, турғаздим. Кўйлак ва шими қип-қизил бўлди. Домланинг шундай ҳам қирмизи бетлари янада қизарди. Уни хижолатдан чиқариш учун:

– Ҳеч қиси йўқ, домла, келган бало шу шим билан кўйлакка урсин, – дедим.

– Урса-ку майли-я, омма киядиган бошқа шимим йўқ-да, – деди надомат билан.

Ўзига битта ортиқча шим ва кўйлак олишга қурби етмаган домла институт полини бўяш учун бир кун олдин қирқ минг сўм чиқариб берган эди. Иккаламиз саксон минг сўмга бўёқ ва ускуналар харид қилгандик. Такси тўхтатиб, ўриндиғига эски газеталарни ёздик-да, домлани уйига жўнатдим. Эртасига у тағин ўша шим ва кўйлагида келди.

– Шимингиз бор экан-ку? – дедим ўсмоқчилаб.

– Йўқ, кечаги шимни бензин билан тозаладим.

– Кўйлакни ҳам тозаладингизми?

– Ҳа, бензин зўр экан, кўйлакни ҳам тозалади. Омма оқ-да, доғ оз-моз сезилади, – соддалик билан жавоб берди шеригим.

Сентябрда дарслар бошланди. Тиркашев бир ой давомида ўша шим ва кўйлакдан бошқа кийим киймади. Иккаламиз икки гуруҳга раҳбар эдик. Дарслар бошланган кун ўзим раҳбар бўлган гуруҳ тингловчиларини тўплаб: «Эшитишимча, шу пайтгача ҳар нарсани баҳона қилиб, пул йиғилар, ўқитувчиларга совғалар олинар эмиш. Бу ишларга шу кундан эътиборан чек қўйилади», дея огоҳлантирдим. Сентябрь ойи тугаб, гуруҳимиз ўқув дастурини битирди. Хайрлашиш учун тўпландик. Гуруҳ сардори ўрнидан турди-да:

– Эртага – 1 октябрь – устоз ва мураббийлар куни. Шу муносабат билан ҳаммангизни табриклайман! – деди.

Тўрдаги столда ўтирган аёл киши ўрнидан туриб, қўлида ўровли бир нарса билан хона ўртасига чиқди ва камина шаънига хушомад оҳангидаги гапларни айта бошлади. Сўзини бўлиб:

– Қўлингиздаги нима? – деб сўрадим.

– Байрам муносабати билан сиз учун деворга осиладиган соат олган эдик...

– Машғулотлар бошланган кун айтган гапларимни тушунмабсиз, соат меники бўлса, беринг, ҳозир кўз ўнгингизда ерга уриб, парчалайман, – дедим.

Ҳар қанча уринишмасин, айтганлари бўлмади. Хайрлашиб, хонамга кирдим. Тиркашев шалдироқ қоғозга ўралган янги оқ кўйлакни очиб кўраётган экан.

– Ўқитувчилар жуда зийрак халқ-да, домла, кўйлагим битталигини сезишибди, устозлар кунига кўйлак совға қилишди, – деди мудир.

Хонага қуруқ кирганимни сезиб:

– Гуруҳингиз қурумсоқ экан-ку? – ажабланди.

Гапини маъқулладим ва унга ачиндим. Очиғи, бу иши учун, айблай олмадим. Қолаверса, у совға олган эди.
Кафедрадаги ўндан ортиқ ходим орасида илмий даражалиси фақат Тиркашев эди. Кўп ўтмай, мудирликка бошқа олийгоҳдан келган филология фанлари номзоди Дилрабо Режеповани тайинлашди. Қирқ-қирқ беш ёшлардаги ўзига зеб берган аёл ҳамма билан апоқ-чапоқ бўлиб кетди-ю, Тиркашевга ўчакишиб қолди. Раҳбар ҳар бир йиғинда, бўлар-бўлмасга, унга дашном берарди. Тиркашевнинг юраги безиб қолди. «Мудир чақиряпти», дейилса, домлани қалтироқ босарди.

Бир кун котиба хонамиз эшигини (Тиркашев билан иккаламиз бир хонада ўтирардик) очиб:

– Сизни Режепова сўраяптилар, – деди.

Тиркашев чуқур уф тортди, пешонасида пайдо бўлган совуқ терни рўмолчаси билан артди. Столи устидаги дафтарини қўлига олди-да, хонамиз эшиги олдига бориб, уни киришга рухсат сўрагандек қилиб, тақиллата бошлади. Ҳаяжонланганидан, ҳали ўзи ўтирган хонадан ташқарига чиқмаганини сезмаётган эди. Шўрликнинг ҳолатини кўриб, шўхлигим тутди ва секин:

– Киринг, – дедим.

– Мумкинми? – деганча даҳлизга чиқди ва ажабланиб, менга қаради-да:

– Ҳали ўзимизни хонада эканман-ку!? – деди.

Мудир ҳузуридан кайфияти бузилиб қайтди. Дафтарига нималарнидир жазава билан ёза бошлади. Қоғозларини четга сурди-да:

–Менга қаранг, бу қанжиқ нега менга бунча ёпишади-а? – деди.

–Сизга биров номзодлик диссертациясини ёқланг деганмиди? – саволига савол бердим.

–Диссертацияни бунга нима алоқаси бор?

–Бу кафедрадан, олим сифатида, Режепованинг ўрнига фақат сиз даъвогарлик қилишингиз мумкин. У, иложи борича, сизни бу ердан кетказишга уринади.

–Воҳ, гап қаёқда, маладессиз. Жуда тўғри айтдингиз, – ўйлаб топган гапимга ишонди.

Тиркашев иккита кўйлаклик бўлди. Энди уларни алмаштириб киярди. Аммо шими ҳали битта эди.

“Ҳаракат”: Бу “асар” нима учун ёзилганини ҳам, нимага бизга келганини ҳам тушуниш қийин. Ўзбек жамияти фақат чириган эмас, ўлим арафасида эканлигини биз аллақачондан бери айтиб келмоқдамиз. Балки, муаллифнинг мақсади бизнинг ҳақ эканлигимизни кўрсатишдир.

Бў ўлаётган жамиятни қайтадан тирилтириш, Ўзбекни қайтдан миллат қилиш - олдимизга ўзимиз қўйган мақсадларнинг асосийси эканлигини ҳам гапирмоқдамиз. Аммо, бу хусусда баъзида, ҳа, айнан, баъзида, саволлар туғилиши табиий: Жамиятимиз Миршариф “домла”нинг асарида кўрсатилган каби воқеалар, тўғрироғи, касалликлар билан тўла экан, касалликларни битталаб тузатиб борсак жамият тузаладими? Битта касалликни тузатгунча, иккита янгиси чиқавериб, жамият тузалмай қолавермайдими? Аввал ҳукмдор тузумни ўзгартириш билан иш битадими? Ҳозирги тузум осонликча ўрнатилганининг асосий сабаби - жамиятимиз касал эканлиги эмасми? Яъни, руслар айтгандек, сеҳрланган халқада (заколдованный круг) қолмадикми?

Касалликларни санайвериш ортиқча иш. Чунки, умумий диагнозни қўйиб, подага айланган миллатни қайтадан миллат қилиш лозимлигини айтиб бўлдик. Диагнозимизга шубҳаси борлар борми?