23 July 2014
01:07 - Юсуф Жуманинг нидоси ва "Ҳаракат"нинг ҳайқириши

Малайзия самолётида ҳалок бўлганлар хотирасига (Юсуф Жума)

Номард хоин инсоният
Ҳақ йўлини тутмаябди.
Бу дунёга эрлар эри
Жавҳар Дуда етмаябди.

Бори нафснинг ялоғида
Ундан нари кетмаябди.
Бу дунёга кураш пири
Жавҳар Дуда етмаябди.

Қўрқоқларга Худоман деб
Юрган қўрқоқ подшолар бор.
Хотинига қўриқчисиз
Боролмаган юҳолар бор.

Кураш деса онасининг
Ичига бекинар, қалқмас.
Ҳаммасидан биттагина
Жасур Жавҳар Дуда чиқмас.

Одамзот хару қуёндек
Қул, ем бўлишга ярайди.
Қачон шерлар наърасидан
Номард фалаклар нурайди.

Ёвузликнинг узун дасти
Маҳшаргача кесилмасми?!
Хайли башар биттагина
Чечен ўрнин босолмасми?!

Бир хотинни эплолмаган
Бутун оламни топтайди.
Бутун олам биттагина
Жавҳар Дудани топмайди.

Инсоният пода каби
Лоқайд, ғофил ўтлаябди.
Бу дунёга кураш пири
Жавҳар Дуда етмаябди.

19.07.2014

“Ҳаракат”: Юсуф ака, Жавҳар Дуда етмаябди, деябсиз. Аслида шундайми? Бошқаларни қўйиб туринг, ўз ичимиздан Сиз ўзингиз доимо олқишлайдиган Бобур чиққан эди бир замонда. Уни ватангадо қилган ўзимиз эмасми? У ҳалигача Ҳиндистон номи остида яшаётган давлатнинг бузилмас асосларини яратиб кетди. Уни ҳайдаб чиқарган ўзбеклар эса, Амир Темур яратган империяни парчалаб йўқ қилдилар. Шундай ҳолга тушдикки, бир ҳовуч қирғиз фашистлари Ўзбекни ёққанда овоз чиқаришга қурбимиз етмайди.

Бобир ягона эмас. Яқинда Абдураҳим Пўлат дегани пайдо бўлди ва ўзбек миллатини тарихда биринчи марта майдонларга олиб чиқди. “Митинг қилиш - кўча чангитишдир” деб “Бирлик” халқ ҳаракатини парчалаганлар ва Ислом Карим ҳокимиятини мустаҳкамлаб берган 53-54 лақабли ҳаромий хоинлар ичимиздан чиқди-ку. Мана энди қозоқларга мардикорлик қиладиган подага айланиб ўтирибмиз.

Миллатнинг ҳам наъраси, ҳам нидоси бўлган “Ҳаракат” узоқдан ҳайқиришга мажбур.

Демак, Бобур ва Абдураҳим Пўлат ва “Ҳаракат”имиз бор, уларни тушунадиган, ўзининг миллат эканлиги билан фахрланадиган, миллий ғурури бўлган, келажагини ўйлайдиган халқ йўқ.

Сиз буларни жуда яхши биласиз. Аммо, биздан фарқли ўлароқ, миллатга тош отишдан ўзингизни тийиб, лидерлар ва ҳайқирувчилар йўқлигини айтмоқдасиз. Ишонамизки, миллат олийжаноблигингизни қадрлайдиган кунлар албатта келади.