22 July 2014
17:26 - “Халқаро амнистия” ташкилоти Мурод Жўраевни озод қилиш талаби билан чиқди, Абдураҳим Пўлат нима истайди?
Штаб-квартираси Нидерландияда жойлашган Amnesty International (Халқаро амнистия) ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини 20 йилдан бери қамоқда қолаётган сиёсий маҳбус Мурод Жўраевни озод қилишга чақирди. Кеча эълон қилинган баёнотда қамоқда Мурод Жўраевнинг оғирлашгани таъкидланади.

Дарҳақиқат, “Ҳаракат” мухбири билан сўзлашган Холбека Жўраева сўнгги 3 кун давомида Чирчиқдаги колонияда эрининг ёнида бўлгани ва унинг саломатлиги жуда ёмонлиги, қийналиб нафас олаётгани, жуда руҳий тушкун аҳволда эканини баён этди.

Ўзбекистон парламенти собиқ депутати¸ Қашқадарë вилояти Муборак шаҳри ижроқўми котиби бўлган Мурод Жўраев чет элга қочиб олган “Эрк” партияси раҳбарлари билан биргаликда 1994 йили ҳокимиятни ағдаришга уринганлик айби билан 12 йилга озодликдан маҳрум этилган ва шунлан бери унинг қамоқ муддатлари узайтирилиб келинмоқда. М. Жўраевга белгиланган сўнгги муддат 12.11.2015 йилда битиши лозим.

Жиноий ишда ҳокимиятни ағдаришга уриниш деб айтилган воқеа, дейди “Бирлик” Партиясининг лидери Абдураҳим Пўлат, Ислом Каримнинг ўзи тарафидан бизга қарши оёққа турғазилган ва мен башорат қилганимдек, бир марта ишлатилиб, кейин орқасига тепиб отиб юборилган, ҳозир 53-54 лақаби билан танилган миллат хоини Салой Мадаминнинг башоратларим тўғри чиққанидан аламига чидолмай режалаштирган ёш боланинг қитимирлик даражасидаги бир ўйини эди. Мен огоҳлантиришимга қарамасдан бу ўйинга кириб қолган Муроднинг аҳволи ростдан ҳам одамни “Дод!” дедиради. Ислом ака нега унга бунчалик зулм беришга қарор қилганини умуман тушуниб бўлмайди. Одамгарчилик қилиб, Муродни қўйиб юборишларини жуда истар эдим.

Расмда - 90-чи йилларнинг бошида Мурод Жўраев.