22 July 2014
16:24 - Андижонлик Ҳилолага кўмак берадиганлар борми?

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўзининг сўнгги 27-сонли релизида шу тариқа савол қўйган. Маълум бўлишича, шу йилнинг 25 июнь куни Россия Федерацияси миграция хизмати томонидан Ўзбекистонга депортация қилинган, 1976 йилда туғилган, андижонлик Ҳилолахон Камалова Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилиб, мурожаатини барча халқаро ташкилотлар, ҳуқуқ ҳимоячи жамиятлар ва оммавий ахборот воситаларига йўллашни сўрабди.

Релизга кўра, Ҳилолахон Камалова Россия Федерацияси қонун ҳужжатларига мувофиқ, тегишли патент тўғирлаш учун шу йилнинг 24 июнь куни бу мамлакат ҳудудидан чиқиб, Қозоғистонга келади. Аммо Россияга қайтаётганида уни чегарачилар давлат сарҳадларини кесиб ўтишда қонунбузарликка йўл қўйганликда айблаб, Ўзбекистонга депортация қилишади. 2 йилга қадар Россия ҳудудига киришга таъқиқ қўйилган Ҳилолахоннинг фарзанди Москва вилояти Егоровск шаҳарчасидада истиқомат қилувчи қўшниси қўлида қолиб кетган. У ўз мурожаатида Россияда қолиб кетган 1 йилу 9 ойлик фарзанди Анастасия/Одинахон Ивкинани кўриб, имкон бўлса олиб келмоқчи эканини таъкидлаган.

“Муаммонинг чигал жиҳатларидан бири қизалоқ Анастасия Россия Федерацияси фуқароси, Ҳилолахон Камалова ва Россия фуқароси Владимир Ивкиннинг никоҳидан дунёга келган. Аммо суд болага ўзга бир одамни васий сифатида тайинламаган экан, Россия қонунларида ҳам, Ўзбекистон қонунларида ҳам гўдакнинг парвариш мажбурияти онанинг зиммасида қолаверади. Масаланинг инсонийлик, боласи учун қайғураётган она изтиробларини-ку гапиришга ҳам ҳожат йўқ!” дейилади релизда.

“Ўзбекистондаги Россия элчихонаси ҳатто гапимни тинглаётгани ҳам йўқ. Менга нима сабабдандир “запрет” қўйилганмиш. Шунинг учун 2 йилга қадар бу ҳудудга кира олмас эканман. Унда 2 йил давомида боламнинг тақдири нима бўлади? Эрим Владимир бўлса бошқа бир шахсга Анастасияни олиб юришга ишонч қоғози бермаётир” дейди Ҳилолахон Камалованинг ўзи.