22 July 2014
00:42 - Ғазодаги қурбонлар учун Туркияда 3 кунлик мотам эълон қилинди
Туркия Бош вазирининг ўринбосари Булент Аринч бугун бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида Ғазодаги қурбонлар хотирасига 22 дан 24 июлгача Туркия бўйлаб мотам кунлари эълон қилинганини билдирди.

Исроил Ғазода ҳаво ва ерда олиб бораётган операциялари натижасида тахмина 500 филистинлик ҳалок бўлди. Бутун дунё бу ҳалокатдан қайғурмоқда, аммо Исроилга ортиқча босим ўтказилаётгани йўқ. Ғарб давлатлари Исроилни керагидан ортиқча куч ишлатмасликка чақирмоқдалар. Яъни, Исроил ўзини ХАМАСдан ҳимоя қилиш учун операциялар ўтказаётганини қабул қилмоқдалар ва Исроилни керагидан ортиқча куч ишлатмасликка чақирмоқдалар, холос.

Филистин араблари шунча қурбон беришига қарамасдан биронта араб давлатида мотам эълон қилингани йўқ. Туркия нега бунчалик ўзини кўрсатишга интилаётганини тушуниш қийин. Балки, бу ҳам Ражаб Эрдўғоннинг сайловолди кампанияси доирасидаги ҳаракатларидан биридир.

Аслида, мотам кунлари эълон қилиш мамлакат президентининг вазифаси. Президент Абдуллоҳ Гул буни истамадими? Шу сабабли Ражаб Эрдўғон Бош вазир сифатида ҳукуматнинг қарорини чиқаришга қарор қилдими? Бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ.