21 July 2014
07:42 - Араб баҳорининг аҳволи: Триполи аэропорти учун жангларда 47 киши ҳалок бўлди

Ливия диктатори Каддафи тахтидан қувилиб, кейин ўлдирилганига 3 йил бўлмоқда. Аммо, бу мамлакатда ҳалигача тинчлик йўқ. Исломчилар ҳокимиятни қўлга олиш ниятида расмий ҳукуматнинг ҳарбий кучлари билан партизанлар уруши олиб боришмоқда.

Шу кунларда исломчилар мамлакат пойтахти Тириполидаги халқаро аэропортни нишонга олишган. Улар аэропортни ракеталар билан уриши ва ердан қилган ҳужумлари натижасида бир ҳафтада 47 киши ҳалок бўлди, 120 киши ярадор бўлди, дейилади France-Presse агентлигининг хабарида.

Сўнгги хабарларга кўра, Исроил-Филистин урушида 10 кунчада ҳалок бўлган арабларнинг сони 469 га чиқди. Ана солиштириб кўринг, Араб баҳори туфайли араблар бир-бирларини ўлдиришда, уларни ўлдираётган Исроилдан орқада қолмасликка ҳаракат қилмаяптиларми?

Араб баҳори воқеалари бошланганда, ундан аввалроқ чет элга қочволиб, мухолифатчиликка даъво қилаётган ўзбеклар бизда ҳам шундай бўлишини орзу қилиб гапиришганда, Ўзбекистонда бундай воқеалар бўлмаслиги кераклигини, бизда ҳамма нарса “Бирлик” таклиф қилаётган йўл билан кетиши кераклигини унинг лидери Абдураҳим Пўлат айтганди. Кўриниб турибдики, у мутлақо ҳақ бўлган.