18 April 2014
21:36 - АҚШ Давлат департаменти мулозими журналистлар билан учрашди
18 апрель куни АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Эйлин О’Коннор АҚШ элчилигида журналистлар билан учрашди. Америкалик дипломат журналистларнинг тишсиз, бир қадар умумий саволларига айнан тишсиз ва умумий руҳдаги жавоб қайтариш билан машғул бўлибди. Конференциядан ўзбек-америка муносабатларига доир муҳим бир фактни илғаш қийин. Аммо Коннор хоним ўзбек расмийлари билан мулоқотларда қамоқлардаги фуқаролик жамияти вакиллари тақдири борасида ҳам сўзлашаётгани маълум бўлди.

Коннор хоним Давлат департаментининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакил идорасининг алоқалар ва жамоатчилик дипломатияси бўйича катта директори ҳамдир, дейди мухбиримиз. Шунинг учун ҳам журналистлар билан суҳбатнинг асосий мавзуи Афғонистон ва унинг теварагидаги сиёсат борасида кечди.

АҚШ элчилиги маълуимотига кўра, 20 апрелгача Тошкентда бўладиган Эйлин О’Коннор Ўзбекистон расмийлари билан учрашувлар чоғида мамлакатлараро муносабатларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга доир масалалар, таълим бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.