17 April 2014
21:13 - Женева тўртлиги - Украина-ЕИ-АҚШ-Россия ташқи ишлар вазирлари – Украинадаги кризис масаласида келишдилар

Бугун Женевада Украина, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россия ташқи ишлар вазирлари Украинадаги муракаб аҳволни муҳокама қилиш учун йиғилдилар. Булар АҚШ вазири Жон Керри, ЕИнинг бош дипломати Кэтрин Эштон, Украина ва Россия вазирлари Андрей Дешчица ва Сергей Лавров.

Украина ахборот воситалари Женева вақти билан пешин вақтларида бошланган йиғилиш 4 соатдан ортиқ давом этгани ва натижада Женева Декларацияси деб номланган ҳужжат қабул қилинганини билдирдилар.

Қисқа қилиб айтсак, Декларацияда икки муҳим масалада келишилган:

1. Украинада Конституцион ислоҳотлар ўтказиш.

Маълумки, бундай ислоҳотлар ўтказиш лозимлигини Украина президенти Александр Турчинов бир неча кундан бери сал кам ваъда шаклида билдириб келмоқда. Реформанинг асосида рус тилига расмий мақом бериш ва вилоятларга кучли ваколатлар бериш. Аслида, Украина жанубидаги руслар ҳам айнан шуни истамоқдалар.

2. Ҳамма ноқонуний ҳарбий структураларни қуролсизлантириш.

Табиий, бу ерда Президент Янукович ва унинг ҳукуматини йиқитишда ҳал қилувчи роль ўйнаган “Ўнг қанот” (Правый сектор) ва мамлакатнинг жанубидаги Россия тарафидан яратилган ва бошқарилаётган қуролли гуруҳлар назарда тутилмоқда.

Шубҳасиз, Россиянинг бундай қарорга рози бўлишида 15 апрель куни Украинанинг Миллий Гвардияси томонидан Донецк вилоятининг Крамотрск шаҳридаги аэропортни ўзини Донецк республикасининг мадофаа кучлари деб айтаётган қуролли рус гуруҳларидан озод қилиниши ва 15 дан 16 апрелга ўтар кечаси қарши ҳужумга ўтмоқчи бўлган рус кучларининг яксон қилиниши катта роль ўйнаган. Бошқа тарафдан, Россия тарафи “Ўнг қанот” қуролсизланишни истамаса, Декларация қоғозда қолиб кетишига умид қилаётгандир. Шундай бўлса, Россия ўз армиясини Украина жанубига олиб кириши учун яхши баҳона топган бўлади.

Воқеалар қандай давом этишини тахмин қилиш қийин. Аммо, йиғилишдан кейин Сергей Лавров билан яккама-якка кўришган Жон Керри Россияни яна огоҳлантирди: Украинада вазият яхшиланмаса, АҚШ Россияга қарши яна санкциялар киритади.