16 April 2014
23:19 - Тошкентдан Киевга авиапарвозлар бутунлай тўхтатилиши мумкин

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг “Тошкент – Киев – Тошкент” йўналиши бўйлаб амалга ошириладиган парвозлари тўхтатилиши мумкин. Бу борада шу йилнинг 1 майигача Украина давлат авиация хизмати томонидан берилган рухсатнома бекор қилиниши кутилмоқда. “Агар у томон билан ҳеч қандай мулоқот бўлмаса – ҳозирги вақтда амалда йўқ ҳам – эҳтимол, рухсатномани 1 майгача чақириб олишимиз мумкин», деди Украина ДАХ раҳбари Денис Антонюк матбуотга.

Мазкур ташкилотнинг Авиаташувлар ва аэропортлар департаменти бошлиғи Сергей Коршукнинг таъкидича, Ўзбекистон томони Украина авиакомпаниясига Тошкент аэропортида слотлар ажратишдан бош тортмоқда. Тўғрироғи, Ўзбекистон томони мулоқотга рўйхушлик бермаяпти.

Таъкидлаш керак, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб «Тошкент – Киев – Тошкент» йўналиши бўйлаб рейсларни амалга оширмаяпти. Компания ушбу рейслар учун чипталарни қайта брон қилмоқда, ҳатто қайтариб ҳам оляпти.