16 April 2014
19:27 - “Эзгулик” раҳбари Васила Иноят Британия Ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашди

Бугун Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчиси резеденциясида “Бирлик” Партияси Бош котиби ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Ташқи ишлар вазирилигининг Ҳамдўстлик масалалари бўйича давлат вазири, баронесса Саида Варси билан учрашди. Хоним айни пайтда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири ўринбосари ҳам ҳисобланади ва вазирликнинг Афғонистон, Покистон, Бангладеш, Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари, БМТ, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш масалалари учун масъулдир.

Икки таниқли хоним ўзаро суҳбат давомида аввало Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида сўзлашди, дейди мухбиримиз. Хусусан, Васила Иноят таржимон орқали яккама-якка суҳбат давомида мамлакатдаги сиёсий ҳуқуқларнинг камситилишига доир масалага эътибор қаратишга ҳаракат қилди. Бу борада “Бирлик”нинг Адлия рўйхатидан ўтишга ҳаракатлари беасамар кетаётгани, мамлакатдаги аянчли вазиятнинг асл сабаби айнан демократик мухолифатнинг мавжуд эмасаслиги эканини таъкидлади.

“Қачонки, мамлакат ҳукумати демократия ва инсон ҳуқуқлари даъво қиларкан, у демократик мухолифатни рўйхатга олиш ва мамлакатда сиёсий эркинликларга йўл бериши лозим. Аксинча, инсон ҳуқуқлари вазияти ўзгармайди. Фуқаролик жамиятининг вакиллари мамлакатнинг турли органлари томонидан таъқиб қилинаверади. Неча йилдирки, мазкур масалани халқаро ташкилотлар, нуфузли меҳмонлар олдига қўявериб чарчадик. Айрим ҳолларда мувафаққиятга ҳам эришдик, аммо аксар ҳаракатларимиз зое кетмоқда” деди Васила Иноят.

Шунингдек, Васила Иноят инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ўлароқ мамлакатда фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан адолатсизликлар, жазони ижро этиш муассасаларида қийноқ ва ғайриқонуний ҳибсга олишлар, одил судловнинг заиф нуқталари борасидаги мулоҳазаларини баён этди.

Расмий маълумотларга кўра, Варси хоним бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Олий Мажлис Сенати раиси Илгизар Собиров, Парламентнинг Қонунчилик палатаси спикери ҳамда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлиги расмийлари билан музокаралар ўтказган.