16 April 2014
17:33 - Яна “Ғишткўприк” чегара маскани, яна қопқон... (“Эзгулик” жамиятининг пресс-релизи, №12, 13.04.2014)

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг 11-сонли пресс-релизида Андижон вилоятининг Марҳамат туманида яшаб, Қозоғистонда мардикорлик қилган, янги йил арафасида уйига қайтаётиб, ноутбукидаги материаллар сабаб 5,5 йилга қамалган 19 яшар Ҳимоджон Абдураҳимов тақдири борасида ёзгандик. Худди шу чегара масканида қўлга олинган гулистонлик Ў. Асатуллаев бир амаллаб қамалмай қолди. Сал бўлмаса Ўзбекистон конститутциявий тузумига тажовуз қилганлар сони яна биттага кўпаяр, чегара масканидаги зобитларнинг погонларидаги юлдузлар каттарарди.

Маълум бўлишича, 2014 йилнинг 14 январида Тошкент вилоятининг Қозоғистон Республикаси билан чегара қисмидаги “Ғишткўприк” масканида Гулистон шаҳар 3-мавзе Т. Ахмедов маҳалласи 7/32-уйда яшовчи фуқаро Ў. Асатуллаев тутилиб, унинг қўшни мамлакатдан харид қилган Самсунг ноутбуки мусодара қилинган. Дарҳол ичи текширилгач, экспертиза учун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси экспертиза комиссиясига жўнатилган. Комиссия ноутбукда Ўзбекистон Республикасининг конституциясига тўғридан-тўғри тажовуз қиладиган материаллар бўлмаса ҳам “ноутбукдаги айрим диний ҳикоялар ўрнатилган тартибда тайёрланмаган” деган хулоса берган.

Мамлакатда диний материаллар тайёрлаш ва тарқатиш тартиби қандай эканлигини билмадиг-у, аммо Ў. Асатуллаевнинг компьютеридан топилган материллар журналист Хайрулла Ҳамидовнинг инсоф диёнатга чақирувчи даъватлари, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг собиқ раҳбари, марҳум Фозил қорининг маърузаларидир. Шунга қарамай жзиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди Ў. Асатуллаевни МЖтК талабларига биноан жавобгарликка тортди ва ноутбукини гўё мусодара қилди.

Бироқ шу йилнинг 5 апрелида “Ғишткўприк” божхона масканининг Фазлиддин исмли хизматчиси Асатуллаевга ноутбукини қайтариш эвазига 500 000 сўм таъма қилиб, қамалиб кетишдан қутулгани учун шукр қилишини айтди. Юқори инстанция судлари эса чегарачиларимизнинг бундай хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш тугул бу борадаги шикоятларни ҳам тинглашмаяпти.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва МХХнинг Давлат чегараларини қўриқлаш Бош бошқармаси маъмуриятини юқоридаги ҳолатларни бартараф этишга чақиради.