16 April 2014
07:43 - БМТ ва унинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссарлиги ҳам Украина масаласида Россияга қаршими?

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясида Россиянинг Қримни босиб олиши қоралангани, Россияни 5-6 та майда-чуйда диктаторликларгина қўллаб-қувватлагани ҳаммага маълум. Ҳозир Украинанинг жанубидан бўлаётган воқеалар туфайли БМТ ва унинг инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи органларининг диққат марказида айнан Украина турибди.

Жаҳон ахборот воситалари хабар қилишича, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссарининг Бошқармаси Украинадаги вазият бўйича махсус доклад эълон қилди.

Россия ташқи ишлар бу хусусда баёнот эълон қилиб, унинг матнини вазирликнинг расмий сайти орқали тарқатди. Баёнот шикоят руҳида ёзилган бўлиб, унда қуйидаги сўзлар ҳам бор: “Украинада инсон ҳуқуқлари бўйича доклад бир тарафлама, сиёсатлаштирилган ва нообъективдир.”

Бечора Россиянинг норозилигини тушуниш мумкин. Чунки, ҳатто БМТнинг ҳисоботида, тўғридан-тўғри бўлмаса ҳам, Украина жанубидаги вазиятнинг кескинлашишида Россия айбдор эканлиги тан олинади. Асл ҳақиқат шундай.