25 June 2018
16:50 - Туркиядаги президентлик ва парламент сайловларнинг ниҳоий деса бўладиган натижалари маълум бўлди. Ўзбекларга нима?

  Расмий хабарларга кўра, сайлов қутиларининг 99,9 фоиз очилган ва бюллетенлар саналган. Демак, ҳозир эълон қилинаётган рақамларни ниҳоий дейиш мумкин.

Президент номзодларига берилган овозларнинг тақсимоти шундай:

Ражаб Эрдўған – 52,37%
Муҳаррем Инже – 30,78%
Селаҳитдин Демирташ – 8,31%
Мерал Акшенер - 7,42%
Темел Карамуллаўғли – 0,89%
Дўғи Перинчек – 0,19%

Туркия Буюк Миллат Мажлисида аввал 550 депутат бўларди. Ўтган йили референдумда уларнинг сонини 600 га чиқариш қарори олинганди. Мана энди, бу 600 кишилик парламентда партияларнинг депутатлари сони қуйидагича бўлди:

Адолат ва Тараққииёт Партияси (АТП) – 295
Жумҳурият Халқ Партияси (ЖХП) – 146
Халқларнинг Демократик Партиси (ХДП) – 67
Миллиётчи Ҳаракат Партияси (МҲП) – 49
Яхши Партия (ЯП) – 43

Эслатиб ўтиш керакки, бу сайловларда АТП ва МҲП “Жумҳур Иттифоқи” номли коалиция сифатида, ЖХП ва ЯП “Миллат Иттифоқи” номли коалиция сифатида иштирок этдилар. Исломчиларнинг АТПси билан исломчиликка мутлақо қарши бўлган МҲПнинг “Жумҳур Иттифоқи” коалицияси кечаги сайловларда ғалаба қозониши исломчилар учун жуда муҳим воқеа бўлди. Аммо, бу коалиция амалда қанчалик узоқ давом этишини башорат қилиш қийин. Чунки, уларни бирлаштириб турган ягона ғоя – курдларнинг Туркияни парчалаш ва мустақилликка эришиш ниятларига қарши туриш бўлмоқда. Бундай ғоя остида бирлашишни салбий баҳолаш ниятимиз йўқ, аммо, Ражаб Эрдўғоннинг шу коалиция туфайли қозонган ғалабаси нисбийлигини тушуниш керак.

Мерал Акшенер кутилаётган 15-20 фоиз овоз ололмагани ҳам диққатга сазовор факт.

Шуни ҳам айтиш керакки, Ражаб Эрдўған Туркиянинг Эгей Денгизи ва Евпропага чиқадиган ҳудудларда, яъни Туркиянинг замонавий ва ривожланган ҳудудларида ғалаба қозонолмади. У ҳудудларда ЖХП номзоди Муҳаррем Инже кўпчилик овоз олди. Ражаб Эрдўған ғалаба қозонган ҳудудлар бутун Туркиянинг тахминан 90 фоизини ташкил қилса ҳам, у МҲПнинг ёрдамида бор-йўғи 52,37% овоз олгани ҳам эътиборга лойиқ нарсадир.

У Туркиянинг энг катта шаҳарларида ҳам катта муваффақиятга эришолмади. Анқарда 51 фоиз овоз олган бўлса, Истанбулда 50 фоиз, ЖХПнинг қалъаси ҳисобланадиган Измирда фақат 33 фоиз овоз олди. У ерда Муҳаррем Инже 54 фоиз овоз олди.Демак, Ражаб Эрдўған Туркияни исломлаштириш режаларида катта муваффақиятларга эришлолмайди.

Яна шуни ҳам урғулаш лозим, кечаги сайловларда иштирок этган партияларнинг ҳаммаси сиёсий спекторда анча чапда ва ўнгда турадилар. Минг афсуски, ўтган асрнинг иккинчи ярмида Туркиянинг ривожланишида катта роль ўйнаган марказ партиялари – Тўғри Йўл Партияси ва Она Ватан Партияси - йўқ бўлиб кетди. Бундай партиялар қайтадан тикланиши ёки шу каби янги партиялар яратилиши Туркиянинг келажаги нуқтаи назаридан маҳимдир.

Буларнинг ҳаммаси ўзбеклар учун ҳам дарс бўлиши керак.