Журнал Ҳаракат №6 (75) 2008. Биз яшаятган жамият
Ислом дунёси ислоҳотларга муҳтож
Ислом дунёси ўзгаришларга, яна ҳам тўғрироғи, инқилобий ўзгаришларга, яъни ислоҳотларга муҳтож эканлиги рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Лекин Ислом дунёсидаги консерватив кучлар, жоҳил уламолар буни тан олишни ҳам исташмайди. Ҳар қандай ислоҳот – динимизни йўқ қилишга ҳаракатдир дея оддий мусулмонларни қўрқитишади.

Ислом дунёси ўта ривожланмаган жамият ҳолида қолиши, фан ва техника соҳасида мутлақо бошқаларга қарам бўлиб қолишимиз ва шу каби унсурлар туфайли ислоҳотлар қанча тез бошланса шунча яхши. Бундай ислоҳотлар Ислом дунёсини ўзгартиришдан ташқари, бутун дунёга таъсир кўрастадиган салоҳиятга эга бўлиши ҳам муқаррардир.

Биринчи навбатда, бу масала муҳокамага қўйилиши, ислоҳотнинг умумий чегаралари белгилаб олиниши керак. Бу ишга раҳбарлик қилиш - Ислом уламоларининг, олимларининг иши. Аммо, ҳар бир мусулмон бу масалада ўз фикрини билдиришшга ҳақли.

“Ҳаракат” журнали ва шу номли сайт саҳифаларида бу масала аллақачон муҳокамаларга очилган. Масалан, журналнинг 2008 йил 1(70) сонида Малайзия собиқ Бош вазири Махатхир Муҳаммад ва “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг шу мавзуга билвосита тегишли мақоллари бор.

Қуйида “Ҳаракат” сайтида эълон қилинган фикр-мулоҳазаларни тўпладик. Улар вақти келиб Ислом дунёсида бошланадиагн буюк ислоҳотларга йўл кўрсатувчи ролини ўйнаши мумкинлигидан ташқари, Ислом дунёсининг тақдири билан қизиқучиларнинг эътиборини бугун ҳам ўзига тортиши муқаррар.

* * * * *

Одамлар Марсда юришга тайёрланмоқда, мусулмонлар эса ҳижоб билан овора. Исломда инқилобий ўзгаришлар замони келмадими?

29 октябрь Туркия Жумҳуриятнинг 85 йиллиги кунидир. 85 йил аввал Камол Отатурк Усмонли императорлиги парчалангандан кейин императорлик ёки халифат сифатини йўқотган ўз мамлакатини Туркия Жумҳурияти деб эълон қилган эди. Бу кун Туркиянинг энг катта байрами сифатида қутланади. Анъанага кўра, шу куни кечқурун Туркия президентининг қароргоҳи бўлмиш Чанқая саройида байрамни якунловчи катта қабул маросими ўтказиларди. Бу маросим тамомийла европача шаклда ўтарди, эркаклар смокинг кийиишарди, уларнинг аёллари ҳам қабул маросимига таклиф қилинарди. Туркия қонунлари бўйича ҳижобли аёлларнинг расмий жойларга киритилмаслиги бу байрам қабулида ҳеч бир муаммо чиқармасди, чунки, давлат одамларининг турмуш ўртоқлари одатда ҳижобли бўлишмасди.

Сўнги йилларда вазият ўзгарди. Аср бошида Ражаб Тойиб Эрдўғон бошчилигидаги Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) ҳукуматга келгач, давлатнингэнг юқори даражали лавозимларига хотини ҳижобли бўлган одамлар келишди. Мамлакат президенти Сезар 29 октябрь байрамининг қабули маросимига аёли ҳижобли бўлганларни якка ўзини, яъни аёлисиз таклиф қилишга бошлади.

Ўтган йили президентлик лавозимига АТП аъзоси, аёли ҳижобли Абдуллоҳ Гул келгач, байрам куни оқшомда бўладиган қабул маросимини кундуз кунига ўтказди ва унга таклиф қилинганлар турмуш ўртоқларисиз келишга бошладилар. Кичкина айёрлик шундан иборат эдики, авваллари тўй кайфиятида ўтадиган маросим кечқурундан кундуз кунга ўтказилгач, у кўпроқ расмий мажлисга ўхшаб кетадиган тадбирга айланиб қолди. Демак, биринчи даражали давлат арбобларининг бу маросимга аёлларисиз келиши диққат тортмаслиги керак эди.

Аммо бу воқеаларга эътибор камаймади. Улар Туркия матбуотида кенг муҳокама қилинмоқда, бутун жамият бу масала билан қизиқмоқда. Масалан, кечаги байрам маросимда биринчи даражали раҳбарлар (Президент, Бош вазир, парламент раиси, қуролли кучлар Бош штабининг бошлиғи) аёлларисиз келишгани, аёли ҳижобли кичкинароқ даражали амалдорлар ҳам шундай қилишгани, аммо аёли ҳижобсиз бўлганларнинг баъзилари аёллари билан келишгани алоҳида урғуланмоқда.

Вилоят ҳокимлари тарафидан уюштириладиган қабул маросимларида ҳам ҳамманинг диққат марказидаги масала – ҳижобли аёлларнинг бу тадбиларга келиб-келмаслиги. Вилоятларнинг бирида “нохуш” воқеа юз берибди. Маниса вилояти ҳокими уюштирган маросимга маҳаллий ҳукуматнинг АТПли раҳбари ҳижобли аёли билан келган экан, ҳарбийлар намойишкорона тадбирни тарк этишибди.

Бу масалага қизиқиш катталигининг сабаби қуйидагича. Туркиядаги дунёвий давлат тарафдорлари ҳижобга рухсат берилиши давлатнинг исломлашиши йўлидаги биринчи ва ҳал қилувчи қадам бўлишидан қўрқмоқдалар. АТПлилар эса, ҳижобли аёлларнинг ҳамма ерга киритилиши диний дискриминациянинг йўқ қилинишидир, демоқдалар.

Яқинда Вашингтонда иқтисоди энг кучли бўлган 20 мамлакатнинг саммити бўлади. Унда аҳолисининг кўпчилиги мусулмон бўлган 3 мамлакат қатнашади. Булар – Индонезия, Саудия Арабистони ва Туркия. Саудия Арабистони иқтисоди кучли бўлгани учун эмас, дунёнинг энг кўп нефть чиқарувчи давлати бўлгани учунгина у ерга таклиф қилинганини ҳисобга олсак, ислом дунёсининг иқтисодий энг кучли давлатлари Индонезия ва Туркия эканлигини кўрамиз. Бу икки давлат дунёвий бўлгани учунгина шундай кучга эга эканлиги, ислом фанатикларининг кучи кўп бўлган мамлакатларда иқтисод кучсиз, халқ қашшоқлик даражасида яшаётгани ҳаммага маълум.

Шундай шароитда, Тукиядек мамлакат ҳижоб муаммолари билан шуғулланиб вақт ўтказиши катта хатодир. Университетларга ҳижоб билан кириш масаласи одамларни иккига бўлаётгани, кечаги каби байрам маросимларида ҳижоб муаммога айланиши – охир-оқибат ривожланиб келаётган Туркия иқтисодининг оқсашига сабаб бўлиши мумкин.

Сайтимизда бир турк олимининг “Одамлар ойда юрипти, биз эса ҳижоб билан овормаиз”, деган сўзларини кўп марта қайтардик. Бу сўзларни “Одамлар Марсда юришга тайёрланмоқда, биз эса ҳижоб билан оворамиз” шаклида бемалол айтиш мумкин.

Фан ва техниканинг ривожланиши шунга олиб келдики, ер текис эмас, думалоқ бўлгани учун, ҳозир мусулмонларнинг мутлақо кўпчилиги Каъба тарафга қараб номоз ўқиш шартини принцип ўлароқ бажаролмаслиги маълум бўлди, яқинда одамлар космосни ўзлаштириб олишса, беш маҳал номоз ўқиш фарзи мантиғини йўқотади.

Мусулмонлар Қурон талабларини ўрта асрларда ҳақиқат деб ҳисобланган, аслида хато бўлган тушунчалари доирасида бажаришни давом этсалар, масалан, бир неча ўн йилдан кейин “Альфа-97” юлдузига қараб йўлга чиққан космонавтлар ичида мусулмон бўлса, унинг қаерга қараб номоз ўқиши (чунки, йўналиш тушунчаси ҳам нисбий экан) ва қайси вақт системасига қараб 5 марта номзоз ўқиши, у аёл бўлса, бошини ўраш-ўрамаслиги каби “муаммоларни” бахс қилиб вақтимизни ўтказаберамиз.

Ҳамма олға кетади, мусулмонлар – орқага. Шундай бўлишини истамасак, Исломда (Қуръонда эмас) инқилобий ўзгаришлар қилиш замони келганини тушунишимиз керак. Қайси тарафга қараб номоз ўқиш, неча марта номоз ўқиш, деган саволлар мантиқсиз бўлиб қолишини, яқинда “девор орқасини” ҳам кўрсатадиган кўзойнаклар чиқса, ҳижобнинг маъноси қолмаслигини тушунишимиз керак. Иймон фақат қалбда бўлиши кераклигини идрок этишимиз керак. Қанча тезроқ идрок этсак, шунча яхши бўлади. Мусулмонлар учун яхши бўлади.

30 октябрь 2008 йил

Саудияда энг катта хотин-қизлар университети очилади, аммо Ислом Ренессанси бўладими?

The Guardian газетасининг ёзишича, Саудия Арабистонида 40 минг студент ўқийдиган университет қуриш режалаштирилмоқда. Хабарнинг антиқалиги шундаки, бу - хотин-қизлар университетидир. Мамлакат пойтахти Эр-Рияднинг бир четида жойлашадиган Университетга ҳозирги подшоҳ қизининг исми берилади, унинг 15 факультети, лабараториялари, матбуот маркази, 700 кишилик касалхонаси бўлади. Хабарда алоҳида таъкидланишича, университетда нанотехнология-лар, информацион технологиялар бўйича замонавий тадқиқиотлар олиб бориш учун бутун имкониятлар яратилади.

Ўзини Ислом удумларига кўра яшовчи давлат деб ҳисоблайдиган Саудияда хотин-қизларнинг алоҳида ўқитилиши одатдан ташқари нарса эмас. Аммо, саудияликлар бу университетни битирадиган ўн минглаб, юз минглаб мутахассислар кейинчалик эркаклар билан бирга ишламасликлари учун ҳамма нарсани иккига ажратиш кераклигини ҳали ўйлаб кўришмаган, шекилли.

Қанча тез ўйлашга бошласа, шунча яхши. Чунки, ўшанда мусулмонлар тушунадиларки, ўрта асрларда Ислом дунёсини бошқарганлар билим етишмаслиги сабабли Оллоҳ томонидан берилган Қуръонни кўпинча хато тафсир қилганлар ва бунинг натижада Ислом дунёси ҳамма жабҳаларда тушкунликка тушган, ҳаммадан орқада қолиб кетган. Масалан, Ўрта Осиё руслар босиб олингани учун тушкунликка тушган эмас. Улуғбек расадхонаси ўша хато тафсирлар билан қуролланган чаламуллар бошчилигида бузиб ташлангани, уни қурганимизни ҳам унутишга келганимиз ва тушкунлик ҳолатида бўлганимиз учун осонликча руслар томонидан босиб олинганмиз.

Тушкунликдан чиқишнинг бирдан бир йўли - Қуръоннинг одамлар тарафидан қилинган хато тафсирларини тузатиш ва ҳозирги Ислом системасини (шу Ислом системаси Ислом дини деб тан олинади) чуқур ислоҳот қилиш ва ҳақиқий Ислом динига қайтиш. Бошқа йўлнинг ўзи йўқ. Ҳозирча Ислом уламолари ичида бу ҳақиқатни очиқча тан олишга журъат қиладиган марди топилмаяпти. Аммо топилади.

Тўғри, бир маҳаллар “ер ўз ўқи атрофида айланади” деганларни христиан уламолари ўтда ёқтирганлари каби, ҳақиқатни биринчи бўлиб айтган мард Ислом уламосини чаламуллар тошбўрон қилдиришлари ёки кофир деб эълон қилишлари ҳам мумкин.

Лекин, барибир бу йўлдан ўтишимиз керак. Ана ўшанда Ислом дунёсида кўплар ҳавас билан гапирадиган Ренессанс бўлади.

1 ноябрь 2008 йил

Ислом динида ислоҳотлар ҳақида

Мухбирларимизнинг Туркияда ҳижоб хусусида бўлаётган бахсларга оид хабаларидаги баъзи таҳлиллар фақат ўзинигина ҳақиқий мусулмон ҳисоблайдиган одамлар, буларни ҳозир исломчилар дейишади, орасида катта шов-шув уйғотгани табиийдир. Чунки бундай одамлар догмачи бўлиб, ҳар қандай ўзгариш ва ривожланишдан қўрқишади. Шу пайтгача динимизда шу кабиларнинг қўли баланд бўлгани учун Ислом дунёси кўп маслаларда бошқалардан орқада қолиб кетди.

Бу каби масалалар, Акбар Ориф яқинда сайтимизда ёзганидек, ислом олимларининг иши. Лекин уларнинг сустлиги Ислом дунёси яна ҳам орқада қолиб кетаверишига сабаб бўлмоқда.

Фақат шу сабабли сайтимиз мухбирлари бу маслаларни тилга олишга мажбур бўлмоқдалар.

Ислом динида ислоҳотлар масаласи – масалаларнинг энг муҳимидир. Ислоҳот сўзидан қўрқаётганлар, аслида, Ислом дини нима эканлигини билмайдилар. Диний-илмийликка даъво қилмасдан қуйидагиларни айтиш мумкин.

Дин – илоҳий кучга бўлган ишонч ва ундан келиб чиқадиган ҳамда унга мос келадиган дунёқараш, ҳулқ-автор ва хатти-ҳаракатларнинг мажмуасидир. Ислом динида ишонч Оллоҳга бўлган эътиқод, имондир.

Демак, дин тушунчаси имондан кенгроқ. Имон ўзгармайди, ўзгариши ҳам мумкин эмас. Аммо дин, яъни дунёқараш, ҳулқ-автор, хатти-ҳаракатлари мажмуаси, системаси, доимо ўзгариб ривожланиб боради. Ўзгаришлар онгли равишда қилинса, уни ислоҳот деймиз.

Бу мавзуга кириш ҳар мусулмоннинг ҳаққи, аммо унга чуқур кириш сайтимизнинг асосий вазифаси эмас. Шундай бўлса ҳам, 30 октябрдаги хабаримизда тилга олинган бир масалага яна бир марта тегиб ўтмоқчимиз.
Бу масала қайси тарафга қараб номоз ўқишдир. Маълумки, номоз Ислом динининг 5 фарзидан бири. Номознинг ҳам шартлари бор. Булар – таҳорат, Каъба томонга қараб туриш, номознинг вақти, такбир ва бошқалар (ҳаммаси бўлиб 12 шарт). Буларнинг биронтаси бажарилмаса, номоз тўлиқ ҳисобланмайди.

Расулуллоҳу С.А.В. замонида ернинг думалоқ эканлиги одамларга маълум бўлмагани учун Каъба тарафга қараб номоз ўқиш шартини бажаришда ҳеч ким ҳеч қандай муаммо кўрмаган. Аммо, ўша пайтдаёқ, Каъба горизонтидан ташқарида яшовчи мусулмонлар Каъбага қараб эмас, космосга қараб номоз қилганлар. Ҳозир мусулмонларнинг мутлақо кўпчилиги шундай қилади ва Ислом динимизнинг расмий қонун-қоидаларига мувофиқ номозини тўлиқ қилолмайди.

Ҳозир дунёнинг турли қисмидаги мусулмонлар қаерга қараб номоз қилишaди? Номоз ўқийдиган одам ўзи турган ва Каъба жойлашган нуқталар орқали ер шари бўйича ўтказилган катта айлананинг шу икки нуқта орасидаги қисқа ёйи йўналишига қараб туради. Шу шаклда номоз қилинади. Шу ёй йўналишида туриб номоз қилган одам номознинг шартларидан бирини бажармаётгани ойдек равшан нарса.

Хуллас, кўпчлик Қиблага қараб номоз ўқимайди. Ўрта асрлар талабидан келиб чиқсак, масалан, ер шарининг Каъбага нисбатан қарши тарафида турган одамлар ғайритабиий шаклда осилиб туриб номоз қилиши керак бўларди. Чунки, Каъба ўша тарафда.

Лекин, Қиблага эмас, космосга қараб номоз ўқиётганларнинг номозини ҳозир ҳеч ким тўлиқ эмас, деб ҳисобламайди. Шундай экан, бировга ёқадими, ёқмайдими, тан олиш керакки, Ислом дини шу масалада феълан ислоҳ қилиб бўлинган. Яъни, фақат Қиблага эмас, Қибла горизонтидан ташқарисидаги одамлар учун шартли равишда келишилган тарафга қараб ҳам номоз қилиш мумкинлиги феълан тан олинган.

Бу ислоҳ дин расмийлари тарафидан қонунлаштирилиши керак.

Бошқа масалаларда, масалан, ҳижоб ва банк масаласида ҳам Ислом динида ислоҳотлар аллақачон феълан қилиниб бўлган. Уларни ҳам қонунлаштириш керак.

Расмийлаштириш, қонунлаштириш масаласи-нинг ўртага отилиши кимнингдир ғаламислигидан келиб чиқаётгани йўқ. Ислоҳотлар расмийлаш-тирилмаса, қонунлаштирилмаса, одамлар шу масалалар билан овора бўлиб қолаверадилар. Бошқалар Марсга учади, биз жойимизда тепсиниб тураверамиз. Турибмиз ҳам.

Шунинг учун Ислом динида феълан қилиб бўлинган ислоҳотлар қонунлаштиришимиз ва у масалаларга нуқта қўйиб олға кетишимиз керак.

Бир маҳаллар мусулмонлар ичида ҳадис сифатида юрган сон-саноқсиз ривоятлар айнан бизнинг ҳудудларимизда туғилган Ал-Бухорий ва Ат-Термизий каби буюк олимлар тарафидан системалаштирилган ва қонунлаштирилган. Ҳозир ҳам бу каби ишларда йўлбошчилик қилиш бизнинг уламою олимларимизнинг вазифаси эмасмикан?

5 ноябрь 2008 йил

Ислом динининг ислоҳотчиларидан Муҳаммад Абдо

Ислом динини ислоҳ қилиш лозимлигини, у доимо ислоҳ қилиб борилиши кераклигини айтган илм одамлари ҳар доим бўлган. Булардан бири Муҳаммад Абдодир.

Муҳаммад Абдо 1849 йилда туғилиб, 1905 йилда Мисрнинг Александрия шаҳрида оламдан ўтган.

У Қоҳирадаги Ал-Асҳар Университетини битирган, 1879-82 йиллари миллий-озодлик ҳаракатида иштирок этган. Кейинчалик шу университетда домлалик ҳам қилган. 1899-1905 йиллари Бош муфтий лавозимини эгаллаган.
Унинг 5 жилдлик “Қуръон таҳлили” китоби муқаддас китобни рационал таҳлил қилиш принципига асосланиб ёзилган. Муҳаммад Абдонинг асосий мақсади – Қуръонни замонавийликка мослаштириб таҳлил қилиш бўлган. У олим сифатида Қуръонни аввал таҳлил қилганлар ўз замонларининг билимидан келиб чиққанларини яхши ҳис қилган ва билимнинг ошиб бориши Қуръонни янгича ўқишга мажбур қилишини тушуниб етган. Уни Ислом модернизмининг лидери деб ҳам айтишарди.

Унинг ўқувчиси Муҳаммад Рашид Ридо (1865-1935) аввал ўз устозининг изидан кетган, аммо кейинчалик 180 даражага ўзгариб, Исломни пайғамбар ва унинг ўқувчилари замонидан кейин пайдо бўлган ҳамма янгиликлардан тозалаш ғоясини байроқ қилиб кўтарган.

7 ноябрь 2008 йил

Исломда ислоҳотлар аллақачон бошлаганган, улар расмийлаштирилиши керак, шундагина олға кетиш мумкин

Бу мавзуда аввал билдирилган фикрлар шуни кўрсатмоқдаки, Ислом дини аллақачон ислоҳотлар йўлига ўтган. Буларнинг энг ёрқин мислоли сифатида Қиблага қараб номоз ўқиш хусусидаги рационал ислоҳотларни кўрсатиш мумкин. Пайғамбаримиз замонида айтилганидек, Қиблага қараб номоз қилиш Къабанинг горизонти ташқарисида принцип ўлароқ мумкин эмаслигини тушунган ақлли Ислом уламолари ер юзининг ҳар қандай нуқтасида ўша нуқта билан Каъабани бирлаштирувчи ер юзидаги қисқа ёй йўналишида номоз қилишга келишдилар. Бу ёйнинг Эвклид геометрияси нуқтаи назаридангина Каъба тарафга алоқаси бор.

Лекин бу масалада ҳам ҳам камчиликлар мавжуд. Масалан, Каъабнинг ер шари бўйича том қаршисида бўлган нуқтадан Ғарбга қарсангиз ҳам Шарққа қарасангиз ҳам Каъбагача бўлган ёй бўйича масофа бир хил бўлади. Демак, ўша нуқталарда қарама-қарши тарафга қараган масжидлар қуриш мумкин, икки одам бир бирига орқа ўзириб номоз қилиши мумкин. Бу хусусда ҳам келишиб олиш керак.

Яъни, ҳозир мутлақо кўпчиликка Къабага қараб эмас, шартли келишилган йўналишда номоз ўқишга рухсат берилган. Бу келишиш энг катта ислоҳотлардан, олқишланиши керак бўлган ислоҳотлардан биридир. Аммо, мусулмонларнинг мутлақо кўпчилиги, Қуръоннинг ўрта асрлардаги тафсирида айтилганидек, Каъбага қараб эмас, шартли келишилган йўналишга қараб номоз қилаётганларидан хабарсизлар. Бугунги илм-билимлар замонида бу нарса иккиюзламачилик кайфияти туғдираётганини ҳамма билади. Шу сабабли, Ислом динида амлага ошириб бўлинган бу ислоҳат руҳидаги қарор расмийлаштирилиши керак холос.

Худди шунга ўхшаб, беш вақт номоз қилиш шарти ҳам ислоҳотга муҳтож. Чунки, катта тезликда учаётган учоқларда шу кунларда учаётган одамлар қайси тарафга учаётганларига қараб бир кунда бешдан ортиқ ёки бешдан кам марта номоз қилиш имкониятига эга бўлмоқдалар. Яқинда океанларда сузаётган cаёҳат кемалари каби космосда учадиган саёҳат кемалари пайдо бўлса, улар албатта пайдо бўлади, уларда учадиган минглаб мусулмонлар ўта тезликда ўзгараётган Қибла тарафини белгилашда, ва тахминан ҳар икки соатда Қуёшнинг чиқиши ҳамда ботишини кўриш имкониятига эга бўлганлари учун, қаёққа қараб ва неча марта номоз қилишлари кераклиги хусусида ҳозироқ келишиб олганлари яхши. Шундай келишиб олиш - динимиздаги катта ислоҳотлардан яна бири бўлишини ҳамма тушунса керак.

Бу каби ислоҳотлар қочиб бўлмайдиган ишлардир. Бировлар дод деса ҳам демаса ҳам бу ислоҳотлар бўлади. Акс ҳолда, Ислом дунёси ҳамаа соҳада ҳамадан орқада қолиб кетаверган бўларди. Аммо, ишониш керакки, шу пайтгача Ислом динида бош роль ўйнаб келган жоҳил уламолар замони битмоқда, бундан кейин Оллоҳнинг буюрганларини тўғри тафсир қилиб, мусулмонларга тўғри йўллар кўрсатувчи илмли уламолар замони келади.
Ҳижоб масаласида ҳам шу каби фикрлар билдириш мумкин. Уларни илмли Ислом уламоларига ҳавола этамиз.

18 ноябрь 2008 йил

АҚШ ҳукумати томонидан молиявий институтларнинг қутқарилиши, ишлаб чиқаришга эътибор камлиги ва Исломдаги ислоҳотлар

Аввал АҚШда бошланиб, кейин бутун дунёга тарқалган молиявий бўҳронни жиловлаш учун ҳукуматлар ишга киришгани ҳозир қаммага маълум. Яқинда Вашингтонда ўтказилган G20 саммити ҳукуматлар бу ишга жиддий ёндашаётганларини кўрсатади.

АҚШ ҳукумати шу йил ёздан бери бир неча молиявий корпорацияни банкрот бўлишдан сақлаб қолди. Лекин аҳвол орқага кетолмайдиган даражада тузалмади. Якшанба куни кеч соатларда АҚШ ҳукумати Citigroup номли энг катта молиявий корпорацияни қутқариш учун қатор чора-табдирлар кўришга мажбур бўлганини эълон қилди.

Citigroup таркибида, дунё бўйича миллионлаб оддий одамларга хизмат қиладиган Citibank банкидан ташқари, катта инвестицион лойиҳалар билан шуғулланадиган корпорациялар бор. Citigroup банкрот бўлса, банкнинг оддий муштарий/клиентлари зарар кўришларидан ташқари, ҳозир амалга оширилаётган ёки режалаштирилаётган бир қатор йирик лойиҳаларнинг тақдири хавф остида қоларди.

Шу сабабли, АҚШ ҳукуматининг якшанба куни бўлса ҳам бундай қарорни шошилинч равишда эълон қилганини тушуниш мумкин.

Аммо, бир неча кун аввал ишлаб-чиқариш секторининг гигантлари - Форд, Женерал Моторс ва Крайслер юз минглаб ишчиларнинг ишини сақлаб қолиш учун муҳим бўлган молиявий ёрдамни ҳукуматдан сўрашганда, уларга рад жавоби берилмаса ҳам, ёрдам бериш масаласи орқага сурилган эди. Бу масалани муҳокама қилиш учун ўтказилган Конгресс комитетиинг мажлисида бу автогигантларнинг раҳбарлари Вашингтонга оддий учоқда эмас, бу корпорацияларга қарашли хусусий учоқларда келишлари ҳам бекорчи сарфламалар деб баҳоланди.

Кўпчилик мусулмонлар ҳаром деб ҳисоблайдиган банкларга ёрдам бераётган АҚШ ҳукумати нима учун ҳалол иши билан ҳаёт кечираётган ишлаб-чиқариш корхоналарига ёрдам беришга шошилмаяпти? Ёки “ҳаром” банкачилар ҳукуматни сотиб олганмилар?

Балки АҚШ ҳукуматидагилар банклар умуман иқтисоднинг ва хусусан ишлаб-чиқариш секторининг мотори эканлигини билишгани учун шундай қилишмоқдамикан?

Балки Ислом динида ҳам банкчиликка бўлган муносабат ислоҳот қилиниши, Қуръоннинг бу хусусдаги буюрганлари дунёвий билими ҳам бор бўлган Ислом олимлари томонидан тўғри тафсир қилиниши, банк оддий бир корхона эканлиги, унинг ҳамма корхоналар каби оладиган фойдаси Қуръонда тақиқланган “рибо”га алоқаси йўқлигини тан олиш керакмасмикан? Ҳар ҳолда шундай бўлса керак.

25 ноябрь 2008 йил

Туркияда янгидан бошланган ҳижоб жанжали ўзбекларни ҳам бефарқ қолдиролмайди

Туркияда ҳижоб билан университетларга киришга йўл очадиган конституцион қонуннинг бекор қилиниши ва диний илдизлари чуқур бўлган ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партиясининг дунёвий давлатчиликка хавф солувчи ташкилот сифатида Конституцион Суд томонидан огоҳлантирилишидан кейин бу мамлакатдаги исломчилар ва дунёвий давлат трафдорлари орасидаги жанг тўхтагандек кўринганди. Аммо ундай эмас экан.

Жанжалнинг янги босқичи кутилмаган жойдан чиқди. Аввалига, дунёвий давлатчиликнинг ашаддий тарафдори, ҳижоб каби исломий одатларга тиш-тирноғи билан қарши бўлган сўлчи партия – Жумҳурият Халқ Партияси бу масалалар бўйича кескинликни юмшатиш учун бўлса керак, пропаганда руҳида намойишкорони ўтказилган вилоят ва туман ташкилотларининг йиғилишларида ҳижобли аёлларни партияга қабул қилиш маросимлари ўтказа бошлади. У йиғилишларда партиянинг раиси Дениз Байкал иштирок этиб, шахсан ўзи ҳижобли аёлларга партия нишонларини тақди ва у ердан бу ердан чиққан эътирозларга қарши, “бунга кўникишга мажбурсиз”, деб жавоб берди.

Аммо, эътирозлар нафақат тўхтамади, балки юқори даражага чиқди. Бу партиянинг Буюк Миллат Мажлисидаги аёл депутати Нежла Арат ўз партияси раисига “Бунга кўникмаймиз” деб қарши жавоб берди. Унга кўра, аёлларни орқада қолган одатларга қайтадан ўргатиш хато ва бунга йўл қўйиб бўлмайди.

Кўринишидан, ҳижоб тарафдорлари, яъни ҳижоб кийиш Қуръоннинг талаби деб ҳисоблайдиганлар ҳам, унга қарши бўлганлар ҳам, орқага чекинишни ўйламаяптилар. Қарама-қаршилик давом этса, жамият фуқаролар урушигача етиб бориши мумкин.

Кўпгина масалаларда кўринмоқдаки, ўрта асрларда ислом уламолари ўша вақтдаги билимлари савиясидан келиб чиқиб, Қуръон суръаларини тўғри тавсир қилмаганлар. Кейинчалик уламоларнинг ўзи тарафидан янги тафсирлар қилиш тақиқланган. Одамлар томонидан чиқарилган тақиқни одамлар йўқ қилишга ҳақлари бор. Буни Ислом динига қаршилик маъносида тушуниш мутлақо ўринсиз. Янги тафсирларга йўл очилса, мусулмонлар бу каби муаммолар гирдобида ўралашиб қолмасдан, оға кетишга кўпроқ эътибор берган бўлардилар.

Жойи келгани учун эслатиш керак, кеча Европа инсон ҳақлари суди Франция фуқролари бўлмиш турк аслли икки қизнинг дарсларга ҳижоб билан киртилмаганликлари туфайли берган аризаларини кўриб чиқиб, уларни рад этган. Мамлакатнинг дунёвий принципи қўриқланиши лозимлигини таъкидлаган.

Дарвоқе, янги тафсирлар қилиш - қайси томонга қараб номоз ўқиш (ҳозир мусулмонларнинг мутлақо кўпчилиги номозни Қиблага қараб ўқимаётгани ва ўқий олмаслиги сабабли), неча марта номоз ўқиш каби фарзлар белгиланган суръаларга ҳам тегишлидир. Яъни, Ислом дини ислоҳотларга муҳтож ва бундан ҳеч ким қочиб қутилолмайди.

21 асрда шариат қонунларига кўра бир қатор жиноятларнинг жазоси сифатида одамларни одамлар олдига олиб чиқиб осиш (кеча Эронда бўлганидек) ёки тирик одамни тошбўрон қилиб ўлдириш (яқинда Африка давлатларининг бирида бўлганидек) каби ибтидоий одатлар дунё мусуслмонларининг обрўсини туширади, холос.

Мусулмончиликдан анча аввал одамлар Худога қурбонлик бериш учун одамларнинг бошини олардилар. Ҳозир ҳайвонлар сўйиб, оммавий шаклда қурбонлик келтирилади. Ривожланаётган жамиятда бу масалага ҳам турли қарашлар бор. Қурбонлик шаклини ҳам ислоҳот қилиш замони келмадимикан?

5 декабрь 2008 йил

“Ҳаракат” яна қурбонлик ҳақида

Кеча сайтимиздаги хабарлардан бирида Туркияда яна ҳижоб атрофида тортишмалар бошлангани ҳақида маълумот берилар экан, Ислом динида бўладиган ислоҳотлар ҳам тилга олинганди ва ҳайвон сўйиб қурбонлик қилиш 21 асрда турли мулоҳазаларга йўл очиши мумкинлиги ёзилганди. Тўғрисини айтса, бу мавзу устида биздан бошқалар ҳам бош қотирмоқда, деб ўйламагандик.

Кеча кечаси Туркиянинг Show телеканалида, “Қурбон тортишмаси” номли бахс-мунозара бўлди, дейди мухбиримиз. У ерда қурбонлик қилиш мавзуси турли тарафлардан муҳокама қилинди.

Бир илоҳиёт профессори яҳудийлар ва христианлар қурбонлик қилишдан нимага воз кечганларини тилга оларкан, христианлар Исо пайғамбар ўзини қурбон қилгани учун бундан буён ҳеч қандай қурбонлик қилмасликка келишганлар, биз қурбонни давом эттирмоқдамиз, деди. Бу суҳбатда очиқ айтилмаса ҳам, унинг мантиғидан келиб чиқилса, қурбон масаласида ислоҳотлар эшигимиз орқасида турганини тушуниш мумкин. Бу профессор, Қуръоннинг сураларига асосланиб, кимдир қурбонлик учун ажратган маблағини камбағалларга бағишласа, у маблағга албатта қурбонлик қилиниши кераклигини урғулаганини ҳам айтиш керак.

Дунёвий жамият тарафдори бўлган бошқа бир илм одами, ҳозир дунёда ҳайвонларни сақлаш учун катта кураш олиб борилар экан, Ғарб давлатларида ҳайвонларни юк машиналарида ташиётганда уларга озор беришнинг олдини олиш учун махсус қонунлар чиқарилар экан, миллионлаб мусулмонлар тўғри келган жойда, тўғри келган усул билан ҳайвон сўйишлари, яъни қурбонлик қилиш усуллари қанчалик ибтидоий эканлигимизни кўрсатмоқда, деди. Туркия Европа Иттифоқига кириш учун ҳаракат қилаётган бир давлат эканлигига имо қилди ва бу масала устида ўйлаш кераклигини гапирди.

Бу дунёвий илм одами қурбонлик қилишнинг иқтисодий тарафларини ҳам анализ қилди. Унинг фикрича, дунёда ҳали камбағаллик ва баъзи ерларда очлик деган нарсалар бор экан, бир йилнинг Қурбон байрамидан кейинги бир неча кунида миллионлаоб ҳайвоннинг гўшти истеъмол қилинишини тўғри деб бўлмайди.

Суҳбатга Маккадан қўшилган бошқа бир уламо у ерга Ҳажга келган 3-4 миллион кишининг қурбонлик учун сўйган ҳайвонларнинг ортиқча гўшти аввалари каби ташлаб юборилмаётгани, гўшт замонавий усуллар билан Африкадаги камбағалларга жўнатилишини гапирганда ҳам, мусулмонлар бу каби масалаларда (айниқса, қўлланилаётган усул маъносида) қанчалик ибтидоий даражада эканликларини кўрсатгандек бўлди.

Суҳбат даврасига кейин қўшилган таниқли Закария Баёз исмли бошқа илоҳиётчи профессор қурбон фарз эмас, суннат(?) эканлигини урғулади ва қурбон масаласига эркинроқ ёндошиш кераклигини гапирди. У қурбон ибодат шакли эканлигини ҳам гапирди ва ҳайвон сўйиш бу ибодатнинг асоси эмаслигини, шунинг учун қурбонлик учун ҳайвон сўйиш масаласига догматик шаклда ёндошиш керакмаслигини гапирди, қурбонлик учун бошқаларга бағиш қилинган маблағ албатта қурбонлик қилиш учун ишлатилиши шарт эмас, деган маънода фикр билдирди. Хуллас, у қурбон масаласида ислоҳот тарафдори эканлиги очиқча кўриниб турарди.

Нима бўлганда ҳам, “Ҳаракат” сайти кеча кўтарган мавзу кўпчилик мусулмонларни қизиқтирадиган, актуал ва фундаментал мавзу эканлиги маълум бўлди.

6 декабрь 2008 йил