Журнал Ҳаракат №4 (73) 2008. Кавказда уруш
Гуржистон-Россия урушини ким ютади?
8 августда бошланган Гуржистон-Россия урушини кутилган воқеа ҳам дейиш мумкин, кутилмаган ҳам. Президент Саакашвилининг сўнги ойлар-йиллардаги хатти-ҳаракатларидан келиб чиқсак, у Жанубий Осетия ва Абхазияни Гуржистонга қайтариб олиш масаласида қатъий эканлиги кўриниб турарди. Демак, бошланган урушни кутиш табиий эди. Аммо, Россиянинг ҳукумдори Пекинга Олимпиада ўйинларининг очилишига кетиши – у, энг камида ҳозир, уруш бошланишини кутмаганини кўрсатади.

Нима бўлса ҳам уруш бошланди. Хўш, унда ким ғалаба қозонади? Бу саволга жавоб бериш учун бўлаётган воқеаларни сиёсий анализ қилиш керак. Шу кунда тўкилаётган қон устида сиёсат қилиш хато, аммо – зарурият.

Авваламбор айтиш керакки, дунёнинг биронта мамлакати Гуржистондан ажралиб чиққанини эълон қилган Жанубий Осетия ва Абхазиянинг мустақиллигини тан олмаган, ҳамма Гуржистоннинг бутунлигини тан олишини гапирмоқда. Демак, Гуржистон қўшинларининг 8 август эрта саҳарларда Шимолий Осетияга кириб, унинг пойтахти Цхинвалини назорат остига олиши ҳеч бир халқаро ҳуқуқий нормага зид эмас.

Аммо, Цхинвалига гуржи қўшинларининг кириши - эски Совет жумҳуриятларини ўзининг таъсир доирасида сақлаб қолиш ниятини очиқча кўрсатаётган Россиянинг Путин бошчилигидаги ҳукуматига ёқмади. Россия қўшинлари тўғридан тўғри Гуржистонга қарши агрессия бошладилар. Русларнинг 56- армияси танклар ва ҳарбий учоқлар билан Жанубий Осетига бостириб кирди.

Ғарб давлатлари, хусусан АҚШ, дарҳол Россиядан ўз қўшинларини Жанубий Осетиядан олиб чиқишни, муаммоларни музокаралар йўли билан ечишга ўтишни талаб қилишга бошладилар. Масалан, 13 август куни Оқ Ўй ҳовлисида оммавий ахборот воситаларининг вакиллари олдига чиққан АҚШ президенти Жорж Буш қисқа баёнотида Россиядан Гуржистондаги ҳарбий амалиётларини тўхтатишни, ўз қўшинларини аввал келишил-ганидек бу мамлакатдан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Гуржистон демократиясини ҳимоя қилиш масаласида Франция президенти билан доимий алоқада бўлиб келган Давлат Котиби Кондолиза Райс Тбилисига кетаётганини ҳам айтди. АҚШ президентининг қуйидаги сўзлари диққатга сазовор: “Мен Мудофаа вазиримизга Гуржистонга инсоний ёрдам етказиш топшириғини бердим. Бу ҳарбийларимизнинг доимий вазифаси бўлади. Руслар бу ишни бажаришимиз йўлидагаи ҳамма тўсиқларни олишлари керак.” Хуллас, лўнда қилиб айтса, Жорж Бурш дипломатик тилда “Гуржистондан қўлингни торт”, деди.

Россия эса сурбетларча тинчлик ўрнатиш миссиясини бажараётганини айтарди. Айни замонда, унинг ҳарбий учоқлари Гуржистонни Жанубий Осетида ташқарисидаги ҳудудларини ҳам бомбардимон қилдилар. Гуржилар русларнинг 10 ҳарбий учоғини уриб туширишганини айтишса, руслар бунинг иккитасини тан олишди.

Табиий, бутун армияси 35 минг аскардан иборат бўлган Гуржистон фақатгина Шимолий Кавказ ҳарбий бўлимида 100 минга аскарга эга бўлган, яхши қуролланган рус аримияси билан тенглашолмайди ва Жанубий Осетияни русларга топширишга мажбур бўлади.

Аммо, бўлаётган воқеалар бўйича баъзи хулосалар чиқариш мумкин.

Биринчи хулоса, Михаил Саакашвили президент бўлгандан бери Ғарбнинг, хусусан АҚШ ва Украинанинг ёрдамида Гуржистон армияси аввалги ночор ҳолидан чиққан, у жиддий уруш олиб бориш қобилиятига эга.

Иккинчи хулоса. Россия ўзининг агрессив ниятларини доим кўрсатиб келаётган бўлса ҳам, оғизда ўзини тарафсиз, ҳамма муаммоларни музокара йўли билан ечиш тарафдори бўлган, халқаро нормаларни ҳурмат қиладиган мамлакат сифатида кўрсатиб келарди. Ҳозир Гуржистон Россияни юзидаги ниқобни олиб ташлашга мажбур қилди. Россия агрессор давлатга айланди.

Агрессорнинг қурбони сифатда Гуржистоннинг халқаро саҳнадаги роли кескин ошади. Энди Ғарб очиқчасига агрессорни қоралаш ва унинг қурбонини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай қадам қилиш ҳаққига эга. Ҳам маънавий, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан.

Энди нима бўлади? “Ҳаракат” журналининг таҳлилчиси томонидан 14 августда ёзилган қуйидаги лавҳада шу саволга жавоб қидирилган.

Россия парчаланиб кетмагунча дунёда тинчлик бўлмайди


Маълуки, Россия МДҲ давлатлари тепасида ўтирган ўзига хайрихоҳ, муте, қарам бўлган президентларни доим қўллаб қувватлаб келади. Агар қандайдир давлатга демократия тарафдори ва Россиядан мустақил сиёсат олиб бориш истагидаги одам раҳбар бўлиб сайланса, Россия чидай олмай, ўша мамлакатда ўзининг азалий фитнасини бошлайди.

Биламизки, Украинага Юшченко президент этиб сайлангач, Россия у ердаги ўз одамларини ишга солиб, бу мамлакатда келишмовчиликлар келтириб чиқаришга роса интилди. Лекин муродига етишолмади.

Грузияга ҳам демократия тарафдорлари бўлган Саакашвили президент этиб сайлангач, Россия унга қарши Жанубий Осетия ва Абхазияни асосий қурол сифатида ишлата бошлади.

Россиянинг шу кунларда Гуржистонга қарши олиб борган уруши ҳақидаги хабарларни кўриб, эшитиб ўтириб, Туркистон тарихидаги айрим воқеалар эсимга тушди. Тарихий манбааларда ёзилишича, 1918 йил Қўконда Туркистон мухторияти ташкил этилгач, Владимир Ленин «Арман дошноқлари» деб номланган миллатчи ва террористик ташкилот қўшинларини Фарғона водийсига жўнатиб, халқимиз устидан геноцид ўтказган эди. Бир неча ичида «Арман Дошноқлари» Қўқон шаҳрида 20 мингдан ортиқ оддий халқни қирғинбарот қилди. Кўчаларда Қўқон халқининг қони сел бўлиб оқди.

Руслар бошқарган армани геноцидини бир воқеа билан ифодалаб берай.

Босқинчилар бир хонадонга бостириб кирганларида, бир аёл бешик-даги боласини эмизиб ўтирган экан. Унинг орқа-сидан қилич санчганларида, қилич онанинг бағри-дан ва гўдакнинг оғзидан ўтиб, орқасидан чиққан.

Ҳокимиятга коммунистлар келгач, 75 йил мобайнида биргина биз ўзбекларга ўтказган зулмни шахсан мен ҳеч качон унутмайман. Эх, бу руслар бизни не не миллатпарвар, миллатимизнинг ақли ва шуури бўлган зиёлиларимизни ҳамда оддий халқимизни қириб ташлади. Буларни унутиб бўладими!

Ҳали ҳам Россиянинг амалда мустақиллика интилган бошка халқларга нисбатан муносабати ўзгармаган. Унинг МДҲга қўшилмаган Болтиқбуйи давлатлари ва йўлига юрмайдиган Украина ҳамда Гуржистонга нисбатан олиб бораётган сиёсати юқоридаги фикримизни исботлаб турибди.

Агар халқаро ташкилотлар, жумладан Оврупо иттифоқи, БМТ, ЕХҲТ Гуржистонда бошлаган уруши туфайли Россияга қарши қаттиқ турмаса, Россиянинг бундан кейинги фитнаси энди Украинага каратилади.

Ўзбекистон ҳукумати бу воқеага ўз муносабатини билдира олмаса керак. Агар ҳукумат Россия томонида бўлиб байёнот берса, халқаро жамоатчилик олдида ёмон ҳолатга тушиб қолиши мумкин. Агар ҳукумат ҳақиқатни тан олиб, Грузия тарафида баёнот берса, унда Россия Ўзбекистонга нисбатан шундай найранглар ўйлаб топадики…

Хуллас, Россиянинг ўзи парчаланиб кетмагунча, дунёда тинчлик бўлмайди.

Нодир Намангоний

* * *

Нодир Намангоний узоқ ваъдали башорат қилмоқда. Бугунги воқеалар эса, бу кунги шартлар остида давом этмоқда.

14 август куни Гуржистон парламенти Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан чиқиш қарорини якдиллик билан тасдиқлади. МДҲнинг қонун-қоидаларига кўра бу ташкилотдан чиқишни истаган давлат бир йил аввал бу хусусда мурожаат қилиши керак. Демак, Гуржистон бир йилдан кейингина расман МДҲдан чиқади. Ташқи ишлар вазирлиги расмийларининг айтишича, мавжуд вазиятда Гуржистон бир йилни кутмайди ва МДҲ билан алоқаларни дарҳол кесади, дейилади бу мамлакатнинг оммавий ахборот воситаларидан тарқатган хабарларда.

Россия-Гуржистон конфликтини ҳал қилиш ишига Европа Иттифоқига навбати билан ҳозир раҳбарлик қилаётган Франциянинг президенти Саркози киришди. Унинг воситачилигида 15 август куни Гуржистон президенти Михаил Саакашвили, 16 августда Россия президенти Дмитирий Медведев гуржи-осетин конфликтини тинч йўллар билан ҳал этиш режасини имзоладилар. Бу ҳужжатни бир кун аввал Жанубий Осетия ва Абхазиянинг раҳбарлари ҳам имзолашган.

Франция президенти Саркози томонидан тайёрланиб, конфликтда иштирок этаётган тарафларнинг фикрлари билан тузатилган бу ҳужжат қуйидаги олти пунктдан иборат:

- Куч ишлатишдан воз кечиш;
- Ҳарбий ҳаракатларни тамомийла тўхтатиш;
- Гуманитар ёрдам учун йўлларни очиш;
- Гуржистон ҳарбий кучларини доимий жойларига қайтариш;
- Россия ҳарбий кучларини уруш бошланмасдан олдинги жойларига қайтариш;
- Абхазия ва Жанубий Осетиянинг хавфсизлик ва барқарорлиги бўйича халқаро кафолатлар бериш.

Бу ҳужжатнинг имзоланиши Россия билан Гуржистон ўртасидаги урушнинг расман тўхтатилганини билдиради. Лекин, руслар охирги ҳафта ичида Шимолий Осетия ва Абхазиядан ташқарида Гуржистоннинг маълум ҳудудларини босиб олгандилар, уларни осонликча ташлаб кетмасликлари аниқ.

Шу маънода, Гуржистон томонидан бошланган бу можаро Гуржистоннинг зарарига, Россиянинг фойдасига бўлгандек кўринади. Аммо, аслида ундай эмас.

Бу урушни ютган тараф Гуржистондир. Чунки, унинг бир қисм ҳудудлари (Абхазия ва Жанубий Осетия) шундоқ ҳам русларнинг қўлида бўлиб, руслар у ерлардан ҳеч қачон чиқиб кетмасликларини ҳар бир ақли расо одам тушунарди. Аммо, русларнинг у ерда бўлиши тинчликни сақлаш миссияси деб ҳисобланарди, Гуржистон ва дунё тарафидан ҳам айнан шундай қабул қилинарди. Табиий, мажбуран қабул қилинганди.

Ҳозир эса, руслар гуржилар тарафидан агрессор деб эълон қилинди. Абхазия ва Жанубий Осетия расман Гуржистоннинг ҳудудий қисми ҳисоблангани туфайли, бу ўзгариш урушнинг асосий натижасидир.

Яъни, Абхазия ва Жанубий Осетия феълан Россиянинг бир қисми бўли қолган эди, шунайлигича қолди, аммо, энди руслар агрессор. Бутун дунё, биринчи навбатда Ғарб, Гуржистонни ҳимоя қилиш йўлига ўтади.

Бир оғиз сўз билан айтсак, бу урушни Гуржистон ютди, Россия ютқазди.

Табиий, русларнинг кучи етса бутун дунёга ҳам тупурадилар, аммо шароит мутлақо ўзгарди. Михаил Саакашвилининг бу ўйини Россияни шунчалик дарғазаб қилмоқдаки, унинг расмийлари, ҳатто Влаадимир Путин ва Ташқи ишлар вазири Лавров, маданиятсизлик билан Саакашвилини ҳақорат қилишдан ҳам ўзларини тўхтата олмаяптилар. Бу ғолибларнинг эмас, айнан мағлубларнинг тепкиси.

Бу кичкина урушнинг баъзи ташқи натижалари ҳам ҳозирданоқ кўзга кўрина бошлади. Мана баъзи мисоллар.

Сўнги йилларда Владимир Путинга дўст эканлигини такрорлайвериб ҳамманинг жонига теккан АҚШ президенти Жорж Буш 13 августда биринчи марта Россияга қарши очиқча чиқиш қилиб, ундан гуржиларга қарши агрессияни дарҳол тўхтатишни талаб қилганди. У кейинчалик ҳам шу руҳда баёнотлар берди.

Шу пайтгача Польша ҳукумати ўз мамлакати ҳудудида АҚШнинг Ракеталарга қарши мудофаа системаси элементарини жойлаштириш масаласини ҳал этмасдан чўзиб келарди ва Россия бундан хурсандлигини бекитмаётган эди. Россия Гуржистонга бостириб кириши билан Польша бу масалада розилигини билдирди ва АҚШ билан тегишли ҳужжатларни имзолади.

Россия Жаҳон Савдо Ташкилотига кириш арафасида эди, аммо ҳозир эса, уни киритмаслик, ҳатто ривожланган давлатларнинг саммити бўлмиш G-8 дан чиқариш масаласи кун тартибига келди. Сочида бўладиган қишки олимпиада ўйинларини байкот қилиш ҳам ўртага чиқмоқда.

Шу пайтгача Москвага яқинлигини очиқча кўрсатиб келаётган Германия Гуржистондаги уруш бўйича Россияни қаттиқ қоралашга ўтди. Энди Гуржистон билан Украинанинг НАТОга кириши масаласида ҳам ижобий ўзгаришлар кутиш керак.

* * *

Гуржистон учун оғир вазиятда бу мамлакатдаги мухолифат ва мухолифатда бўлмаса ҳам Саакашвилини ёқтирмайдиган Эдуард Шеварнадзе тўғри йўл тутолмадилар. Гуржистон-нинг собиқ раҳбари, тўғрироғи икки марта, Совет замонида ва мустақиллик замонида, раҳбари бўлган, қайта қуриш сиёсатининг архитектор-ларидан бири ҳисобланадиган Эдуард Шеварнадзе бир вақтлар ўзини йиқитган Саакашвилининг мардлигини олқишлаш, ўз халқини оғир кунларда қўллаб-қувватлаш мардлигини кўрсатолмади. АҚШнинг Вашингтон Пост газетаси ёзишича, Шеварнадзе бўлаётган воқеаларга муносабат билдиришдан қочиб, ўзи китоб ёзиш билан банд эканлигини айтибди. Шармандалик!

Мухолифат эса, мамлакат уруш ичида бўлган пайтда, 2-3 ойдан кейин янги сайловлар ўтказиш лозимлигини гапиришга бошламоқда.

Саакашвилининг хатолари бордир, аммо у ҳам ўз ҳудудларининг 20 фоиздан кўпроғини арманилар босиб олганини эсдан чиқариб юборган Озорбайжон президенти Илҳом Алиев ва унинг отаси Ҳайдар Алиев каби президентликнинг гаштини суриб юравериши керакмиди?

Офарин, Саакашвили, дейишимиз керак аслида. У бутун дунёни бунга жалб қилиб бўлса ҳам, ўз мамлакатининг бутунлигини тикламоқчи. Ундан фақат ўрганиш керак.

* * *

25 август куни Россия Федерацияси парламентининг юқори ва қуйи палаталари бўлмиш Федерация Кенгаши ва Давлат Думаси Абхазия билан Жанубий Осетиянинг мустақиллигини тан олишга чақиргандан кейин, эртасига президент Дмитирий Медведев бу икки мамлакатнинг мустақиллигинпи тан олувчи фармонга имзо қўйди.

Россиянинг ўзидан бошқа ҳеч ким учун ҳуқуқий маъноси бўлмаган бу қарор охирги йилларда дунёда бўлаётган геополитик ўзгаришларнинг яна бир босқичига нуқта қўйди, дейиш мумкин. Москва ғазаб ва алам ичида чуқур ўйланамаган қадамлар қилишга бошлади ва бутун дунё, биринчи навбатда, Ғарб билан очиқдан-очиқ конфронтация йўлига ўтди.

Аслида, сўнги йилларда Ғарб ҳам Россия ҳам ўзаро муносабатларда ёлғондакам ўйин олиб боришаётган эди. Вазиятнинг очиқланиши бор муаммоларни ечиш учун фойдали бўлса керак. Энди дунё Россияни жиловлаш учун бел боғлайди, бу янги совуқ урушнинг натижаси - СССР парчаланганидан кейин Россиянинг иккинчи мағлубияти ва империя сифатида ўлиши бўлади.

Воқеаларга уч босқичли қараш керак: яқин муддатли, ўрта муддатли, узоқ муддатли. Яқин муддат ичида қутурган Россия ҳамма қўшни мамлакатларга, хусусан, собиқ Совет жумҳуриятларига (Болтиқ бўйи жумҳуриятларидан ташқари) кучли босим уюштириб, ҳамма ерда демократиянинг ривожланишини секинлаштиришга ва ҳатто орқага кеткизишга эришади. Бу муддат бир неча ойдан бир неча йилгача чўзилиши мумкин. Ўрта муддатда вазият стабиллашиб, 5-10 йиллик мувозанат ўрнатилади. Узоқ муддатда эса, бу совуқ уруш, аввалгиси каби, рус империясининг мағлубияти ва унинг парчаланиши билан тугайди.