Мухолифатнинг таклифига президентдан жавоб бўладими?
Яқинда “Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат Ўзбекистон президент Ислом Каримовга мактуб йўллаб, унинг диққат-эътиборин ўзбек муҳожирларининг аҳволига тортишга ҳаракат қилди. Мухолифат лидерининг мақсади фақатгина муаммоларни кўтариш эмас, уларга ечим таклиф қилиши ҳам бўлган.

Хўш, жавоб қандай бўлади? Ўўбекистондаги ҳокимиятнинг моҳиятини билган одам тушунадики, ҳеч қандай жавоб бўлмайди. Абдураҳим Пўлат ҳам айнан шундай ўйлаган бўлса керак. Хўш, шундай экан, мактуб ёзиш, таклифлар юбориш керакмиди?

Қуйида шу мактубнинг матни ва ёзувчи Холдор Вулқоннинг юқоридаги саволларга жавоб тариқасида ёзилган фикрлари билан танишасиз.

1. “Бирлик”дан президентга мактуб


3 июль 2008 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга

Жаноб Президент,

Ўзбекистонда ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб аҳоли сонининг тезлик билан ортиб бориши мамлакатимиздаги муаммоларнинг - бугунги оғир иқтисодий аҳвол, хусусан, кенг кўламдаги ишсизликнинг ҳам сабабларидан биридир. Ўзбекистон бу муаммоларни ўз имкониятлари билангина ҳал этолмайди. Айниқса, мустақилликнинг биринчи йиллари, бошқа совет республикаларидан фарқли ўлароқ, бизда сиёсий-иқтисодий ислоҳатлар жуда суст олиб борилгани учун ҳам.

Ишсизлик муаммоси ўз вақтида ҳал этилмаса, бу нарса стихияли миграцияни кескин кучайтириши ва уни тўхтатиб бўлмаслигини ҳисобга олиб, ҳукумат миграцион жараёнларни назорат остига олиши, уни режали равишда бошқариши мақсадга мувофиқ эканлигини “Бирлик” аллақачон тушуниб етган. Унинг позицияси сўнги ўн йилда эълон қилинган бир қатор мақолаларда, “Бирлик” Партиясининг Таъсис қурултойи резолюцияларида ўз аксини топган.
Бу кунда юз минглаб, балки миллионлаб ўзбеклар меҳнат муҳожирлари сифатида яқин ва узоқ ўлкаларда ишлашмоқда. Уларнинг Ўзбекистондаги оилаларига юбораётган молиявий ёрдами, баъзи мустақил кузатувчиларнинг фикрича, мамлакат бюджети билан солиштирса бўладиган рақамларга чиқмоқда.

Маълумки, меҳнат мужоҳирларининг катта бир қисми нолегал ҳолатда ишламоқда. Улар ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан мутлақо муҳофазаланмаганлар. Бу аҳвол давом этаверса, ҳозир уларнинг бир қисми билан бўлаётган фожиявий воқеалар оммавийга айланиб, умуммиллат фожеасига айланиш эҳтимоли бор.

Легал шароитда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг аҳволи ҳам яхши эмас. Бу хулоса ривожланган мамлакатлардаги янги ўзбек муҳожирларига ҳам таалуқли. Яъни, уларнинг ҳам етарлича муаммолари бор.

Уларга, яъни ўз мамлакатининг фуқароларига ёрдам бериш Ўзбекистон ҳукуматининг вазифаси, мажбуриятидир. Ҳукуматнинг ташқи алоқаларга оид муассасалари ўзбек муҳожирларининг у ёки бу муаммолари билан маълум бир шаклда шуғулланаётганини инкор этиб бўлмайди. Аммо бугун бу ишни систематик ҳолга келтириш ва охир-оқибат унинг самарадорлигини кескин ошириш вақти келди.

Айтилган мулоҳазалардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда янги алоҳида вазирлик яратиш ва унинг зиммасига чет элларда яшовчи Ўзбекистон фуқаролари билан шуғулланишни топшириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Унинг номи, мисол учун, Чет эллардаги ватандошлар билан алоқалар вазирлиги бўлиши мумкин.

Бу вазирлик ўзбек меҳнат муҳожирлари яшайдиган мамлакатларнинг тегишли структуралари билан биргаликда, меҳнат муҳожирларини ҳуқуқий ва ижтимой ҳимоя қилиш масалаларини ҳал қилишда катта роль ўйнаши мумкин. Айни замонда, вазирлик ўзбек меҳнат муҳожирларини яшаётган мамлакатларида ташкилотлантириш, уларни ўз-ўзларини ҳимоя қилоладиган даражага олиб келишда ёрдамчи бўлиш, уларни ўз ватанлари билан алоқаларини узмасликка рағбатлантириш каби масалалар билан ҳам шуғулланса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Биз бу масалада Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликка тайёрлигимизни билдириб, янги вазирлик тузиладиган бўлса, вазир лавозимига номзод қилиб партия раисининг ўринбосари Пўлат Охуновни таклиф қиламиз. У собиқ СССРнинг сўнги парламентида депутат бўлган, партиямизда ташқи алоқлар масалалари билан шуғулланган. Яъни, у сиёсатда ҳам, янги тузиладиган вазирликнинг вазифаларига оид соҳада ҳам тажрибага эга.

Мухолифат вакилининг ҳукуматга киритилиши - Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, демократиянинг ривожлантирилиши, демократик мухолифатнинг фаолиятига имкон берилиши каби соҳаларда ўзгаришлар кутаётган дунё жамоатчилиги учун ҳам ижобий сигнал бўлиши муҳимдир. Ҳозир “юқорининг байруғи” эканлигига ишора қилиб, Пўлат Охуновнинг паспортини алмаштириш масаласини ҳал қилмай келаётган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг тегишли муассасалари ва бу ишга холис ёндошмаётган суд органлари эса, мамлакатимиз обрўсинининг тўкилишига сабаб бўлмоқдалар.

Мамлакат Конституцияси кўра, айнан Сиз инсон ҳуқуқларининг кафолатчиси бўлганингиз сабабли, Пўлат Охуннинг паспорти масаласида унинг ҳуқуқлари бузилишини дарҳол тўхтаттирасиз, деб ҳам ишонамиз.

Агар бизнинг таклифимиз инобатга олиниб, янги вазирлик тузилса ва Пўлат Охунов вазир этиб тайинланса, у партиямиздаги лавозимидан истеъфога чиқиши ва керак бўлса, партия аъзолигини вақтинча тўхтатиши ҳам мумкин.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Абдураҳим Пўлат
“Бирлик Партияси раиси

2. Чет эллардаги ватандошларини ҳимоя қилиш, Пўлат Охунни бу ишга тортиш ҳукуматнинг вазифасидир


Ўзбеклар эскидан муҳожирликни ёқтирмаган, ўз туғилган қишлоғи ёки шаҳридан узоққа кетмасликка ҳаракат қилган миллат бўлган бўлса керак. Руслар Марказий Осиёни босиб олгандан кейин ҳам сезиларли миграция бўлмаган. Албатта, кейинчалик коммунистик тузум дастидан мажбуран юртни тарк этганларни ҳисобга олмаганда.

Совет замонида ҳам Россиянинг йирик саноат марказларида, Сибирнинг янгидан ўзлаштирилаётган жойларида ҳамма миллат вакилларини кўплаб учратиш мумкин эди, аммо у ерларда ўзбеклар ёки бўлмаган ёки жуда оз бўлган.

Балки, буни халқ ўз ерида фаровон яшагани, четга чиқишга эҳтиёж туғилмагани билан тушунтириш мумкиндир. Балки, бу - туғилган ерига ўта боғлиқлик, ҳатто ибтидоийлик белгисидир. Буларни ўрганиш шу соҳадаги мутахассисларнинг иши. Нима бўлганда ҳам, факт фактлигича қолади: ўзбеклар ичида қадимдан оммавий муҳожирлик бўлмаган.

Аммо, Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин миллионлаб ўзбеклар бир бурда нон дардида чет элларга чиқиб кета бошладилар. Уларнинг асосий қисми Қозоғистон, Россия каби қўшни мамлакатларда экан, узоқларда ҳам ўзбеклар етарлича бор.

Миграция секин-аста бўлса, аввал чет элга келганлар у ерда ўрнашиб олсаю кейингиларга ёрдам берса, бу жараён катта муаммоларсиз ўтган бўларди. Аммо, ҳозирги ўзбекларнинг миграцияси денгиздаги шиддатли тўлқин каби амалга ошмоқда. Бу жараённи назорат остига олиш, у яратадиган талофатларни иложи борича камайтиришга интилиш миллатнинг тақдирини ўйлайдиганларнинг вазифасидир.

Айнан шу фикрлардан келиб чиққан “Бирлик” халқ ҳаракати ва унинг давомчиси “Бирлик” Партияси чет элда яшайдиган ватандошларнинг муаммолари билан шуғулланиш, шиддатли миграция тўлқинини бошқариш масаласини диққат марказида тутишга интилмоқда. Хусусан, “Бирлик” халқ ҳаракатининг 2003 йил 7 майда ўтказилган қурултойида қабул қилинган резолюциялардан бирига Абдураҳим Пўлатнинг таклифи билан қуйидаги сўзлар киритилган (бу резолюция "Ҳаракат" журналининг 2003 йил 2 (42) сонида ҳам эълон қилинган):

“Ўзбекистон аҳолисининг маълум қисмини давлатлараро шартномалар бўйича планли равишда ва давлатнинг ёрдами билан қўшни мамлакатларга миграция қилиш масаласини кун тартибига олиб келиш лозим.”

Табиий, биринчи навбатда ўзи ўтирган курси ғами билан яшаётган ўзбек ҳукумати бу таклиф билан қизиқмади. “Бирлик”нинг эса ҳозир бу йўналишдаги муаммолар билан шуғулланиш имкони йўқ эди.

Натижада, яна халқимиз азият чекмоқда. Ўзбек меҳнат муҳожирлари чет элларда сон саноқсиз муаммолар остида яшашмоқда. Ҳар ким ўз-ўзи билан овора. Миллат бу оғир аҳволда оёқда қолиш билан, ҳукумат ўз курсисини қўриқлаш билан.

Бу аҳвол давом этар экан, “Бирлик” Партияси раисининг 3 июль куни президент Ислом Каримга йўллаган мактуби мухолифат партиясининг ўз миллати олдида бурчини бажариш учун ҳаракатда эканлигини кўрсатмоқда.

Мухолифат лидери бу мактубида, ўзбек меҳнат муҳожирларининг оғир аҳволидан келиб чиқиб, ҳукуматни бу масала билан шуғулланишга чақирди. Чақириқ шунчаки расмиятчилик учун қилинмагани, унда бу кун учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган таклифлар айтилгани диққатга сазовордир.

Мактубнинг марказий таклифи қуйидагича: Ўзбекистонда чет эллик ватандошларнинг муаммолари билан шуғулланувчи вазирлик тузилсин, “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охун вазир этиб тайинлансин.

Ўзбекистон президенти ва мавжуд ҳукумат бу таклифларни дарҳол қабул қилишини кутиш ножиддийлик бўларди. Аммо, тарих бир неча марта кўрсатганидек, “Бирлик”нинг таклифлари барибир амалга ошади, ҳукумат буни истаса ҳам, истамаса ҳам.

Аммо, миллионлаб ватандошларимизнинг муаммолари билан шуғулланадиган вазирликни бугуноқ яратиш фақатгина мавжуд ҳукуматнинг қўлида. Шу сабабли президент Ислом Карим ва мавжуд ҳукумат одамларини ўзбек миллати, қолаверса, виждонлари олдидага бурчларини бажаришга чақириш лозим.
Ҳукуматнингш ўзи бу каби таклифлар билан чиқишга қодир эмас экан, бундай ишларни бажарадиган мутахассислари йўқ экан, мухолифат билан мулоқот ва ҳамкорлик қилиши шарт. Мухолифат мулоқотдан, баъзибир талаблари бажарилса, ҳамкорликдан ҳам воз кечмаган ва кечмайди.

Ҳукумат мулоқот ўрнига бунинг тескарисини қилаётгани миллатимизнинг фожеасини кучайтиради, холос. “Бирлик”нинг таклифи бўйича янги вазирлик тузиш ва вазирлик вазифасига Пўлат Охун каби сиёсатчини олиб келиш ўрнига, уни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳаракатида. Унинг паспортини янгилаш каби оддий ишни бажариш ўрнига, 1,5 йилдан бери Пўлат Охуннинг Ўзбекистон фуқаролигини тан олмасдан келмоқда. Пўлат Охунга фуқароликни ҳукумат ёки президент берган эмас, Пўлат Охун шу тупроқда туғилган миллат фарзанди сифатида Ўзбекистон фуқаросидир. Уни фуқаролигини тан олмаслик, фуқароликдан чиқаришга ҳаракат қилиш жиноятдир.

Пўлат Охун каби сиёсатчилар Ўзбекистонни, миллатнинг тақдири билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда иштирок этишлари шарт. Унга ҳозир қанчалик қийин бўлмасин, ғалаба у тарафда бўлади.

Жанубий Африкада Нелсон Манделлани нима азобларга солмадилар, аммо вақти келиб, у мамлакат президенти бўлди. Пўлат Охун билан ҳам айнан шундай бўлади.

Чет эллардаги ватондошларимиз масаласига қайтсак. Бу масала фақат ўзбеклар учун актуал эмас. Россия ҳукуматининг раҳбарлари расмий минбарлардан туриб, чет элда яшаётган ватандошларининг муаммолари билан шуғуланиш лозимлигини гапирмоқдалар ва амалий ишлар қилмоқдалар. Бугун рус матбуотида эълон қилинган сўровнома натижаларига кўра, бу мамлакатдаги 78 фоиз одам чет элда яшаётган ватандошларни ҳимоя қилиш лозим, деган фикрда экан. Сўралганларнинг 37 фоизи Россия бу масалада етарлича иш қилмаяпти, деб ҳисобласа, 53 фоизи - рус ҳукумати бу муаммо бўйича сиёсий ечимлар излаши кераклигини айтибди.

“Бирлик” эса, айнан сиёсий таклифлар билан чиқмоқда. Яъни, ҳукумат таркибида махсус вазирлик тузиш, ватандошларнинг чет элларда ташкилотланишига ёрдам бериш ва ҳоказолар.

Бу масала билан ўзбек мухолифати ичида ҳам фақат “Бирлик” шуғулланаётгани тасодифий бўлмаса керак. Бошқа гуруҳлар, минг афсуски, йиғи-сиғи ва дод-вой қилувчиларга айланишган. Улар “Бирлик” кўтарарётган миллат муаммоларини тушунишмаса ҳам ажаб эмас. Демак, мухолифатни “Бирлик”да бирлаштирш фикри фақат фикргина эмас, альтернативаси бўлмаган ечимдир.

“Ҳаракат” сайти
18 июль 2008 йил

3. Холдор Вулқон: Қабрида йиғлаб ётар Одам Ато, бирлашмадинг


“Бирлик“ Партиясининг раиси Абдурахим Пўлат чет эллардаги Ўзбек меҳнат мухожир-ларининг муаммоалари билан шуғулланадиган вазирлик тузиш ва унга раҳбар этиб партия раисининг ўринбосари Пўлат Охунни тайинлаш тўғрисидаги таклифини Ўзбекистон президенти Ислом Каримга юборди. Лекин афсуски, унинг таклифига ҳали ҳануз Ислом Карим тамонидан сас-садо йўқ.

Ўзбек дунёвий мухолифатидагиларнинг баъзилари эса Пўлат Охунни ҳукуматга ялтоқланишда айблаб, Абдураҳим Пўлатнинг бу таклифини иқтидордаги ҳукумат ҳеч қачон қабул қилмаслигини башорат қилмоқдалар. Мен бу башоратларга қўшиламан. Ўйлайманки, Абдураҳим Пўлат ва Пўлат Охун ҳам шу фикрда. Аммо, нимадир қилиш керакку! Муаммо бор, уни ечими устида ким ўйлаши керак? Мухолифат ўз таклифлари билан чиқаётгани, у миллат олдидаги вазифасини бажаришга ҳаракатда эканлигининг кўрсаткичику!

Мен фурсатдан фойдаланиб махсус хизмат шотирлари тамонидан парчалаб ташланган ва бири бирови учун ёвга айлантирилган Ўзбек мухолифати отли Ихтилоф машинаси гувиллаб ишлаб Режимнинг қизил тегирмонига сув қуяётгани ҳақида гапирмоқчиман.

Ҳа, Ислом Карим ҳукумати халқимиз сув ичиб турган кўзани диктатуранинг бужур тошларига уриб синдирди. Энди у кўзани елимлаб ёпиштирадиган чегачининг ўзи йўқ. Халқ эса зулм саҳросида узоқ диёрларда қирғоқларини қўпориб ёйилиб оқаётган озодлик дарёсининг зилол сувларига ташна, қақраб ёрилган ноҳақлиқ қатқалоғи узра тинкаси қуриб тобора ҳолсизланмоқда. Чорасиз Халқ бугун сўнги молини, қўйини сотиб чипта олиб тирикчилик илинжида ўз жигарпораларини Россияга, Қозоғистонга, Корея ва Европа давлатларига юбормоқда.

У мамлакатлардаги Ўзбек муҳожирларининг аҳволи саъжияси қандайлигини бошқалар мендан кўра яхшироқ биладилар. Уларнинг кунда - кун ора ўлаётгани ва ўлдирилаётгани ҳақида жар солиб дод- вой, йиғи-сиғи қилишни биламизу лекин бу муаммони қай йўл билан ҳал қилиш кераклиги тўғрисида астойдил бош қотирмаймиз. Бош қотирганларни, бу борада конкрет таклифларни ўртага олиб чиққанларни эса, бир зумда тентакка чиқариб ўзимизни ақлли санай бошлаймиз. Ўзимиздан бошқани одам ҳисобламаймиз.

Айтингларчи, қачон Болтиқбўйи мамлакат-ларида яшовчи халқлар каби бизнинг ҳам қўшиғимиз битта бўлади? Бошқаларнинг ҳам сўзларини тинглай билиш, ўзгалар фикрини қадрлаш маданиятини қачон ўрганамиз? Нега Болтиқбўйи республикаларининг мухолифати БМТдан бошпана тилаб чет элга чиқмайди? Нима учун улар ўз мухолифатини ҳукуматга ялтоғла-нишда, МХКчиликда айбламайди? Нега уларни Руслар ёки бошқа мамлакатлар ўз ноғорасига ўйната олмаяпти? Сабабини билиб олинглар. Улар бизга ўхшаб тожу тахт васвасасида ўз манфаатларини Халқ манфаат-ларидан устун қўймайди, бир-бирини ёмон кўрмайди, бир-биридан нафратланмайди, қутурган итлардай бир-бирларининг бўғзини ғажимайди, рақобатни душманлик тушунчаси билан алмаштирмайди, ягона қудратли кучга айланиш йўлида бирлашишни жинсий алоқа деб тушунмайди!

Биз нуқул Халқим, Халқим деймизу лекин Халққа яқиндан туриб хизмат қилиш ва мамлакат ичкарисида соғлом демократик мухолифатни ташкил қилиш учун Ўзбекистонга боролмаймиз. Бора олган одамни эса кўраолмаймиз. Хўп, баъзилар айтмоқчи Пўлат Охун хукуматга бош эгиб борган бўлса унинг паспортини бермай шу пайтгача чўзиб пайсалга солишармиди?

Қолаверса, Ўзбек мухолифатининг шаклланишида Пўлат Охуннинг ҳам хизматлари борку. У сиз билан биздан фарқли ўлароқ сиёсий маҳбус сифатида 2 йил қамоқда ўтириб чиқди. Сиз билан бизнинг чет элдан туриб солаётган айюҳанносимиз худди оила аъзолари қуролланган ёвуз босқинчилар тамонидан калтакланаётган одамнинг уйига киролмай кўчада дарахтлар ортига беркиниб олиб “Уйимизда оила аъзоларимни ёвуз одамлар калтаклашвотти!” дея бақираётганига ўхшайди.

Хўш, “Оила аъзоларимни дўппослашвотти!” дея бақирганимизча уйга киргани қўрқиб кўчада визиллаб югириб юраверганимиз яхшими, ёки уйга кириб ёвуз одамларни ўлдиришга қурбимиз етмаган тақдирда ҳам ҳеч йўқ улар билан муштлашиб, муштлашолмасак жилла қурса оила аъзоларимиз билан бирга калтакланган ҳолда яқинларимизни қутқариш чора-тадбирларини топишга интилганимиз мақулми?

Манашу призмадан қаралса, Пўлат Охун уй ичкарисида. Уни ҳам Халқаро Нобель мукофотига номзод, буюк шоир Юсуф Жумани нохақ қамаганлари каби қизил тухмат билан қамаб юбормасликларига ҳеч ким кафолат беролмайди. Шунга қарамай у курашмоқда.

“Бирлик” Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат эса юқоридаги таклифлари билан Ислом Каримга мактуб йўллади. Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати бугун бу таклифни қабул қилмайди, таклиф қилинаётган вазирликни ташкил қилмайди ва Пўлат Охунга вазирлик лавозимини бермайди. Бу аҳмоққа ҳам аён. Лекин эртага барибир шу йўналишда қандайдир қадамлар қилишга мажбур бўлади. Хайрли ишга йўл очишимиз ҳам хайрли эмасми?

Ислом Карим Ўзбек меҳнат муҳожир-ларининг халқаро жамиятини тузиши мумкин. Агар шундай жамият тузилса, бу жамият Халқаро қонунларга таяниб давлатлараро имзоланган шартнома, ҳужжатлар асосида дипломатик алоқаларни йўлга қўйиши, чет элларда меҳнат қилаётган Ўзбек меҳнат мухожирларининг оёқ ости қилинаётган ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, уларнинг ишлаш ҳамда яшаш шароитларини яхшилашга эришиши мумкин.

Муҳтарам Ватандошлар! Мухолифат вакиллари! Акаларим, укаларим, опаларим ва сингилларим! Бизлар ҳам Болтиқбўйи мам-лакатларининг мухолифати каби Ўзбек халқининг озодлиги йўлида қалбан бирла-шайлик! Биров ўртага олиб чиққан таклифни муваффақият-сизликка учрашини кутиб унинг устидан кулишга, ҳузурланишга шошилмай у таклифни тўлдиришга, бировимиз бошлаган ҳайрли ишни бошқамиз ривожлантиришга ҳаракат қилайлик! Юрагимизда ўрмалаётган ҳасад ва бахиллик чаёнларини янчийлик, ўлдирайлик!

Мақолам охирида (агар буни мақола деб бўлса) бир ибратли ривоятни эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.

Қадим замонларда бир мақомати олий, кашфу кароматли Авлиёнинг кўп шогирдлари бўлган экан. Улардан бири шогирдлар тўпланган маҳал мақтаниб устозига: - Устоз, кашфу каромат борасида мен сиздан ўздим, дебди-да, бармоғини катта харсанг тошга худди хамирга суққандай суқиб тошни тешиб қўйибди. Буни кўриб бошқа шогирдлар ҳайратдан ёқаларини ушлаб истиғфор айтишибди. Шунда авлиё кулимсираб яктагининг енгини шимарибдида, Бисмиллоҳирраҳмонирраҳим деб қўлини тирсаги қадар тошга суқиб қайта суғириб олибди. Қўл суғирилган ковакдан шариллаб муздек зилол сув тушибди. Авлиё ҳайратдан тарракдек қотган шогирдига: Сен дунёда одамларга фойда келтирадиган, натижали иш қилгин, дебди. Кейин тошдан тушаётган сувда таҳорат қила бошлабди. Шогирдлар ҳам таҳорат олибдилар. Сўнг камтарин устозларига иқтидо қилиб номоз ўқиган эканлар.

Қиссадан ҳисса шуки, бизлар ҳам кашфу кароматимиз оламни тутиб диктатуранинг бужур тошларини бармоғимиз билан тешиб юравермай у тошлардан Халқимиз ташналигини қондира-диган ва ўзимизни поклайдиган зилол сув чиқаришга ўрганайлик.

2 август, 2008 йил
Торонто шаҳри, Канада

4. Хотима ўрнида


Рус оммавий хабар воситаларининг билдиршича, шу йил 6 августда бу мамлакатнинг Бош вазири Владимир Путин Ёшларнинг ишлари билан шуғулланувчи федерал агентлик раҳбари Василий Якоменко билан учрашиб, агентликнинг фаолияти ҳақида маълумот олган.

Федерал агантлик қилаётган ишнинг қизиқ томонлари ҳам бор. Масалан, ҳозир чет элда бўлган ёш олимлар ва аспирантларга оид маълумотлар базаси яратилибди ва Агентлик уларни Россияга қайтариш устида ишламоқда.
Ёш олимларнинг кўпчилиги - яхши иш қидириб чет элга кетган ёки ўша ерда олий ўқув юртларини битиргач, ишлашга қолганлар. Уларни меҳнат муҳожирлари дейиш мумкин.

Рус ҳукумати ёш меҳнат муҳожирларининг тақдири билан қизиқаётгани Ўзбекистон ҳукуматига ўрнак бўлармикан? Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони миллионларни ошди, уларнинг кўпчилиги чет элларда ўта аянчли аҳволда яшайди. Улар Ўзбекистон фуқароларидир, уларнинг муаммолари билан шуғулланиш Ўзбекистон давлатининг вазифаси, бурчи. Бу иш билан тўғридан-тўғри Ислом Каримнинг ҳукумати шуғулланиши лозим.

Аммо, “Бирлик” Партиясининг бу хусусдаги таклифлари, хусусан Чет элда яшаётган ватандошлар билан алоқалар вазирлиги тузиш таклифи эътиборсиз қолаётгани ачинарли ҳолдир. Ўзбекистон ҳукумати яна бир соҳадаги ишлари билан тарихга ёмон отлиқ бўлиб киришини истамаса, “Бирлик”нинг таклифига қулоқ солиши, бундай вазирлик ёки айтилган масалалар билан шуғулланувчи бошқа бир орган яратиши, унинг раҳбарлигига мухолифатнинг кўзга кўринган вакили Пўлат Охкнни тайинлаши керак. Бу вазифага мухолифат вакилининг келтирилиши жуда муҳимдир, чунки меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги ҳозирги ҳукуматнинг ташаббусларига, агар улар бўлганда ҳам, ишончсизлик билан қараши муқаррар.

Бундан ташқари бошқа имкониятлар ҳам кўздан кечирилиши керак. Маълумки, бир вақтлар чет элдаги ўзбеклар билан алоқалар ўрнатиш мақсадида “Ватан” жамияти тузилганди. Аммо, бу жамият КГБнинг назорати остида ишлайдиган ташкилот эканлигига ҳеч ким шубҳа қилмаган. Кейинчалик АҚШлик ўзбек миллионери Абдурауф Мақсудий раҳбарлигида халқаро “Эл” жамияти қурилди. Аммо, унинг фаолияти яхшилаб йўлга қўйилмади, унга ҳам ҳамма “Ватан” жамиятнинг давомчиси сифатида ижобий қарамади.

Агар Ўзбекистон ҳукумати “Бирлик”нинг таклифига эътибор бермаса, чет элдаги ўзбек диаспорасининг ўзи “Эл” жамиятини, масалан, “Ўзбек эли” номи остида ва ҳақиқий мустақил ташкилот сифатида қайтадан оёққа қўйиши, ўзбекларнинг ватан билан алоқаларини ривожлантириш, меҳнат муҳожирларининг муаммоларини ечишга ёрдам бериш каби ишлар билан шуғулланишни бошлаши лозим. Абдурауф Мақсудий, Анвар Олтойли каби оёққа туриб олган ўзбек бизнесменлари бу каби ташаббуслардан четда турмасликлари керак.