Холдор Вулқон - Олисларда ёнган чироқлар
(Давоми, боши журналнинг 6(63), 2006, 1(64) - 6(69), 2007 ва 1(70), 2008 сонларида)
(Ҳужжатли қисса)


28. Эх, Бишкек, Бишкек!

Бишкекда бизни ўзбек қочқинлардан бири, истеъдодли журналист Тўлқин Қораев кутиб олди. У бизни ўзи ижарада яшаётган уйига олиб кетди. Икки қаватли уйнинг биринчи қаватидаги у квартира Республика жиноят қидирув бошқармаси билан СНБ биноларининг ўртасида жойлашганди.

Тўлқин Қораев қорачадан келган, новча бўйли, юрганда худди ер ислоҳотида камбағалларга томорқа улашаётган комсомол “землемер” сингари ка-атта-катта қадам ташлаб юргувчи журналист эди. Унинг буклаб жамласа сумкага айланиб қолувчи сув ўтмас жойномози бўлиб, беш вақт номоз қилар, Бишкек шаҳри марказидаги масжидда ўқиладиган жумъа намозларига мунтазам қатнарди.

Тўлқиннинг бағри кенглик фазилати сабаб ўзбек қочқинлари деярли ҳар куни унинг уйига йиғилар, унинг “ноутбук” компьютеридан ва телефонидан фойдаланар, ваннасида чўмилиб, кир ювадиган машинасида кийимларини ювиб кетишарди. Пул сўрасанг йўқ демай бериб, у қарзни то ўзинг олиб бориб бермагунингча сўрамайдиган қўли очиқ инсонлар туридан эди. Тўлқин Қораевдан ўзбек қочқинлари фақат яхшилик кўрдилар.

Мен бу ерда Юсуф Расул, Қудрат Бобожон каби журналистлар билан танишдим. Айниқса Юсуф Расул билан қиёматли ака-ука бўлиб кетдик. Мен билан Бишкекка бирга келган собиқ депутат ва “Эрк”чи Насрулло Сайид Тўлқин Қораевнинг уйида яшаб қолди. Мени эса Туркманистонлик қочқин Шамшод деган аёл ўзи ижарада турган уйига олиб кетди. Шамшодлар турадиган уй “Аламеддин” бозори тамондаги Фрунзе кўчасига жойлашган эди. Шамшод покистонлик паштун Азатхан билан шу уйда ижарага турар, уларнинг бир ёшли Набилия Арафат исмли ўғиллари бор эди.

Уйининг эгаси Ада Сергеевна деган ёши етмишлардаги, юз тузилиши эса 35-40 ёшлардаги аёлни эслатувчи кампир бўлиб, у мени илиқ қарши олди ва мени уйнинг ғўлахихонасига жойлаштирди. 2х2,5 метрли бу мўъжаз хонага кампир икки табуреткани қўйиб устига шкаф эшигини ётқиздида бу қўлбола ўринга эски пўстинларни тўшади. Сўнг дераза дар пардасини чойшаб қилиб ёпинишга адёл берди. “Мана, ўғлим, сенга қўлбола каравот”, - деди у самимий кулиб. Шунда унинг тишлари ҳали ҳам бақувват ва соғлом эканини кўриб хайрон қолганман. Шамшод Азатхан билан катта уйда яшайдилар, бирга овқатланамиз, улар кечалари мени телевизор кўришга таклиф қилишади, тортинма дейишади. Барибир бироз ноқулай.
Ховлида ҳаммом, ошхона бор. Хонам деразаси ёнига кампир стол-стул қўйиб бергани айниқса қувончли бўлди. Стулда ўтириб деразадан ташқарига қарайман. Дорвоза ёнидаги инда Рейк исмли қопоғон ит ётади. У баъзан зерикса занжирини шалдиратиб инидан чиқади, букилиб абжағи чиққан баклашкани гоҳ оёқлари билан уриб-суриб, гоҳ тумшуғи билан ерга пайпаслаб, ғажиб, ирғитиб ўйнайди. Ада Сергеевнани биз “бабушка” деймиз.

Бабушка гарчанд қизи билан кўп қаватли уйда турсада, ҳар куни бир маҳал албатта ховлига келиб ошхонадаги картон қути ичида тўшалган яшил адеялда ўтирганича мудрагувчи Васька номли мушугига ва Рейкка қозонда бўтқа пиширар, бўтқа совисин учун уни тоғораси билан қор устига қўйиб итнинг тагини тозалайди. Ин ичидан хашакларни титиб чиқариб юборган итга танбех берар, ит қизиқиш билан кампирнинг хатти-харакатларини кузатиб турарди. Ада Сергеевна итга бўтқани совутиб берар, мушуги Васькага колбаса едираркан “Васька, хулиган. Ҳар куни келадиган қушларнинг биттасини тутиб еб қўйибсан, йиртқич” деб қўярди. Сўнг эски-туски тахталар ғарами устидаги картонга майда нон увоқларини сочади. Бу жой менинг хонам деразасининг рўбарўсида бўлгани учун ҳар тонг нон увоқлари билан нонушта қилаётган қушларни кўриб тураман. Азатхан картонни - кўртўн, птицани – питиция деб талаффуз қилади. Баъзан ошхонада кампир билан сухбатлашиб ўтирсак у:

- Бабушка, Алла ес, челавека и питици делайт. Кроме Аллаха не кито так не делайт, - деб унга Аллоҳнинг ягона яратгувчи, қудратли зот эканини тушунтирмоқчи бўлади. Азатнинг соқоли доим ўсиб юради. Соқолини таглаб қирмайди Жуда ўстириб ҳам юбормайди. Кампир унинг гапларини маъқулларкан:

- Да, сынок. На самом деле Ваш Аллах и наш Господь одно и тоже. Хотя у нас разные веры. Но Бог один, - деб қўярди. Азатхан баъзан:

- Э, Халдар, я ес политолог. Брат мўй живийўт в Невверке. Он мене прислал эти амиркани сапаги. Тисяча дўлўр стоит. Это ес амиркани салдати адвайт, чтоби змея не кусала ноги, - у шундай деб, акаси Нью-Йоркдан юборган этигини мақтайди. Сўнг айвондан кўча тамондаги қор босган оқ қайинларга ўйчан термулиб давом этади:

- Халдар, я в Европу еду учится на политолога. Получаю ес висшие образаваня и поеду абратна в Авганистан. И стану президентом в места Ҳамид Карзая. Если я стану президентом Авганистана, в городе Мазари шариф тебе пастрою большо-о-ой дом. Ты ес хороший человек, – дерди у.

- Спасибо, - деб қўяман. У бироз ўйланиб туриб қўшимча қилади:

- Э, Халдар, Халдар. Здис ес свидетели Йогова. Некотори киргизи тоже приняли кристян. Зачем а? Самий ҳарўший эта, Алла ес.

- Да, - дейман мен. Кейин не кристьян ва христиан дейман. Азатхан гарчанд рус тилида қийналиб сўзлашсада инглиз тилини жуда яхши билади. Мен ҳам бу ерларда бекор юрмай япон ёзувчилари: Сакё Камацу, Морио Кита, Синити Хоси, Тану Маюмура, Кабо Абеларнинг прозаларини ажойиб испан шоири Альфредо Виварнинг ва хитой шоири Лу Ю нинг шеъриятини ўқирдим.

Бир куни кундўзи қўшни хонадан мунгли қўшиқ оханги қулоғимга чалинди. Қарасам Азатхан куйлаяпти.

У стулда ўтирган ҳолда деворга орқа миясини тираб шифтга тикилганича қўшиқ айтарди. Қўшиқ “Танхаи” яъни “ёлғизман” деб аталаркан:

Сая би-и-жаб, Са-а-я бижа-аб
Са-а-атти чўл хўгае-е-е..

Таржимаси: (Соям билан ёлғиз қолдим)
Эй си хе-е-е тан-ха-аи-и-и...
(Ёлғизман жуда)
Жина пау, жина пау –у-...
Ммуди бина-а-а-а-ае-е-е-..
(Яшашни хохламайман, ўлим эса келмаяпти)

Азатхан куйлаган қўшғини таржима қилиб бергач, унга рахмим келиб, эзилиб кетдим. Азатхан яна куйлай бошлади:

Махрў пали-и мера чехра-а
Дей ки кар, кафан ме-е-е-е.
Ли мусафирхў-ў из Ватанме-е,
Ажнаби-и-и шахрике-е-е-е
А-акоме де ки кал лл.
Чехра бадаллке-е-е.
Душмане когут тиолике-е-е
Дўсти хейри-и хува хўгае-е-е,
Тобе ҳаммм, табахе хўгае-е-е-е...

Азатхан айтган қўштғининг давомини ҳам таржима қилди. Бу қўшиқда Ватанни соғинган, мусофирнинг, ажнабийнинг дарду изтироблари акс этган экан. Азатхан қўшиқ куйлашдан тўхтаб, дадаси Афғонистонда Паштун лашкарбошиси бўлгани, уни Бисмиллахоннинг одамлари ўлдиргани, шундан кейин уларнинг оиласи дунёнинг тўрт тарафига тариқдай тарқагани ҳақида гапирди. Онамни соғиндим – деди у бироз туриб. Сўнг шифтга тикилганича унсиз йиғлай бошлади. Азатханнинг кўз ёшлари юзларини кесиб утиб кекирдаги тамон йўналаркан, ўсиб пўстаги чиқиб юрадиган соқолларини ивитиб юборди. Мен яна бир бор халқлар бошига айрилиқ, кулфат солғувчи урушга лаънатлар ўқидим. Азатханнинг яна бир хикояси ҳеч қачон эсимдан чиқмаса керак.

- Кандахорда, - дейди у, - дарё бўйи чойхонаси бўлиб, у ерда балиқ пиширилар, биз ҳам ҳар замонда балиқхўрликка борардик. Бир куни балиқ еб ўтирсак, бир машина қуролланган америка солдатлари келиб қолишди. Улар машинадан тушиб чойхонага киришдида, ташқаридаги столларга ўтиришди.. Буюртмалари тайёр бўлгач балиқ ея бошлашди. Шу пайт қаёқдандир 12 ёшлардаги афғон боласи кашкулда исириқ тутатиб келдида, америка солдатларига исириқ солиб эвазига назру ниёз олмоқчи бўлди. Бир махал солдатлар орасидан кимдир “Майкл!” - дея бақирди. Афтидан кўз тегмасин учун солингувчи исириқни билмайдиган америка солдатлари тутаётган кашкулни бомба деб ўйлаб огоҳлантирганди. Огоҳлантирилган Майкл эса қўркув ва шошилишда сакраб туриб автомати билан исириқчи болани отиб қўйди. Суриштирсак бола бечоранинг отаси, акалари урушда ўлиб кетиб, онаси оғир касал ётган экан. Бола америка солдатларида пул кўп бўлади деб ўйлаган, исириқдан тушган пулга онаси учун дори дармон олмоқни мақсад қилгани маълум бўлди. Албатта чойхонада тўс-тўпалон кўтарилди. Лекин боланинг ўлими учун ҳеч ким жавобгарликни бўйнига олмади. Аммо кейинроқ маълум бўлишича бегунох болани отиб қўйган ўша америка солдати виждон азобида қийналиб жинни бўлиб қолибди.

Шу хикояни эшитганимдан бери “Қандай қилиб дунёдаги урушларни тўхтатса бўларкин?” – дея ўйлайман. Баъзан мен шундай бир асар ёзсаму, у асарни дунё халқлари ўкиб ёппасига инсофга келса, барча катаклизмалар, фожеалар илдизини англаса ва урушга чек қўйилса деб орзу қиламан.

29. Ҳангомаи Ҳайитвой

Бишкекдаги қочқинлар ичида Ҳайитвой Қўзиев деган одам бўлиб, юриш туриши, феъл атвори, қизиққонлиги билан 3 рейх фюрери Адольф Гитлерни эслатар, у баъзан:

- Мабодо мен давлат тепасига келсам, халқимизни эзган золимларни, порахўрларни, битта қўймай деворга тираб отиб ташлайман, - дер, мен ҳазиллашиб: Ҳай, ҳай, Сиз Хайгитлер, Ҳайитгитлер экансиз, – деб қўярдим.

Бу қизиқ феълли одам, тез хафа бўлиб қолар ва яна хафа қилган одамни тез кечириб юборарди. У жуда тежамкор бўлганидан, топган пулини эҳтиёт қилар, озроқ еб, мундайроқ кийиниб, пулни тежаш учун бусларга чиқмай Бишкекда пиёда юрарди. Қорачадан келган, чувак юзли, озғин, ўрта бўйли бу кимса курткасининг ёкасини кўтариб, икки қўлини куртка чўнтагига жойлаганича бўйнини қимирлатмай юрар, ўткир кекирдаги билан ҳавони кесиб борарди гўё. У баъзан менга насиҳат қилиб:

- Холдор бу ер энангизний уйимас, пулни тежаб ишлатиш керак, - дерди. Мени ҳам пиёда юришга мажбур қиларди. У Бишкекда Дырылдаев деган ҳуқуқ ҳимоячисини жуда қаттиқ ҳурматлар, “Рамазан ака, Рамазан ака”, деб унга қўнғироқ қилиб қоларди. Мен Рамазон аканинг фамилиясини биринчи бор эшитиб ҳайрон қолганман - Дырылдаев. Бу фамилия менга Дырыл-длл-длл-длл!- дея юргувчи қадимий “Ирбит” мотоциклнинг товушини эслатарди. Биз Рамазон Дырылдаев билан “Оқ кема” меҳмонхонасида ўтган халқаро форумда учрашиб суҳбатлашдик. Бу ҳалол, инсонпарвар, жасур ва меҳрибон ҳуқуқ ҳимоячиси ҳақиқатдан ҳам ҳурмат эҳтиромга лойиқ инсон экан. Мен Шамшодларникида яшаб юрган кезларим Ҳайитвой ака ҳам ўша Фрунзе кўчасидаги Хусайн деган осетиннинг уйида ҳаёт кечирарди. Бир куни мен Ҳайитвой ака ижарада турган уйига боргач, у ётадиган хона деворларини кўздан кечирар эканман, бирдан девордаги араб имлосида “Оят ал - Курси” сураси ёзилган календарни кўриб қолдим. Арабча саводим борлиги сабаб сурани ўқий бошладим. Шу маҳал Ҳайитвой аканинг каравоти ёнига ўрнатилган ва қизиб чўғланган очиқ электроспиральга тегиб, шимимнинг пойчаси тешилиб қолди. “Ух”, дедим шоша-пиша, шимим пойчасининг куйган жойини пайпаслаб Ҳайитвой ака шимимнинг пойчасига қараб туриб кула бошлади. Сўнг шошиб телефон гўшагини оларкан, кўнғироқ қилиб:

- Юсуф, бир янгилик айтами? – деди. Юсуф “ҳа” деди шекилли, у давом этди:

- Ҳалиги шоиримиз борку, Холдор. Ўша Холдорри денг шими тиззасигача ёниб кетса бўладими?!

Ҳайитвой ака шундай дея, қиқирлаб кула бошлади. Табийки, мен бу гаплардан хафа бўлдим. Сўнг:

- Ие, э, Ҳайитвой ака, одам-подаммас экансизку. Шунақа дейсизми? – дедим. Ҳайитвой ака бадтар кулди. Кейин менга таскин бериб:

- Хафа бўлманг, ҳозир “Дўрдой” бозорига бориб сизга янги шим сўтиб оламиз, - деди. Шундан кейин “Дўрдой”га жўнадик. Яхшиямки, бироз пулим бор эди. Бозорга борарканмиз растама-раста юриб Ҳайитвой ака овозига ясама салобат берганича, осилиб турган шимларнинг пойчаларини қайриб кўрар, сотувчиларга калтафаҳм раҳбарларга хос кериклик билан:

- Э-э-э, вы знаете-е, у вас … э-э-э есть а-а-, хорошей брюки? - дер. Сотувчилар кўрсатган шимга қараб: -э-э-э, вы знаете-е нам... как эта по вашему ... а-а-а, по дишевли есть? - дея уларнинг энсасини қотирарди. Охири сотувчилардан бири:

- Булар қирғизша тушунбайт экен, - дедида, бизга қараб:

- Вы что иностранцы, что-ли –деди.

- Э-э-э-э, да-а, да-а, понмайте. А-а-а-а, вы знаете–е.., - дея Хайитвой ака керилишни давом этдирар, менинг тоқатим тоқ бўлиб, “ҳозир сотувчилар иккаламизни ур калтак қилиб саваламасада”, - дея ўйлардим. Охири бир шимни сотиб олдик. Қайтишда Ҳайитвой ака:

- Холдор, бўза ичамизми? - деди. Мен:

- Сиз ичсангиз майли, лекин мен ичмайман, - дедим. У давом этди:

- Мен овқатга кетадиган пулни тежаб бўза ичиб юраман. Бўза қоринни тўқ тутади, ҳам кайф беради, - деди.

Биз бўза сотадиган жойга бордик, ёшлик пайтларимни эсладим. Чунки дадам бола пайтларим уйимизда қўл бола бўза тайёрлар, у бўза хуштаъм ва ўткир бўлар, дадам менга косалаб ўша бўзадан ичкизар, мен маст бўлиб гандраклаб юрсам, дадам хурсанд бўлиб роса кулар эди. Мен бу ҳақда Ҳайитвой акага айтмадиму, бўзани худди энди кўриб тургандай бир пиёла ичдим. Бўза менга ёқмади. Кўнглимни алағда қилди. Биз уйга қайтдик.
Ҳайитвой аканинг Швецияга кетиши ҳам қизиқ бўлди. Саҳарда у мени турткилаб уйғотиб:

- Ман кетуттиман., - деди. Мен сакраб туриб унинг юкларини ташишга кўмаклаша бошладим. Чемоданини олиб тушгунимча, Ҳайитвой ака машинага чиқиб ўтириб олибди. Мен шофёрнинг ҳужжатларини, ООНдан келган-келмаганини суриштирдим. Шофёр каловланиб қолди. Шу маҳал биз тамон бир киши келдида:

- Вы едете в Швецию? - деб қолди.

- Да, - деди шоша-пиша Ҳайитвой ака. Ҳалиги одам асабийлашди:

- Да, что Вы в самом деле? Я часа два Вас жду, а Вы..., - деди у хафа бўлиб. Ҳайитвой ака қўрқиб кетди. Чунки сал бўлмаса Швециягамас, Ўзбекистонга, “Жаслиқ” ўлим лагерига кетиб қолишга оз қолди. У тирилиб тобутдан сакраган одамдай машинани тарк этаркан “бай-бай-бай-ба-ай” дегандек бош чайқади.

Биз унинг юкларини БМТ юборган ҳақиқий машинага юкладик. Хайрлашдик. Машина чироқлар порлаб ётган кўчадан олислаб кетаркан, мен анчагача қўл силтаб турдим. Мухолифатдаги партия аъзоси ва ҳуқуқ ҳимоячиси бўлгани учун Ватандан қувилган, ҳақиқат йўлида жабру жафоларга гирифтор бўлган хурфикр инсонлардан яна бири қариндош уруғи, бола-чақаси кузатиб қолмай менинг кўз ўнгимда ёлғиз ўзи сўппайиб кетди, деган ўй ҳаёлимдан ўтиб бўғзимга хўрлик тиқилди. Йиғлагим келди.

30. Юсуф Расул

Мен Бишкекдаги қочкинларнинг энг қамбағали эдим. Бир қатор қишки кийимларимдан ташқари битта футболкам билан битта эски жемпирим, бир-иккита китобим ва янги ёзган асарларим қўлёзмаси бор эди халос. Қочқинлар орасида Юсуф Расул деган шоир ва журналист бўлиб, у билан муносабатимиз жуда яхши эди. У ўзини туркийларнинг барлос уруғиданман дер, бу билан фахрланар ва соҳибқирон Амир Темур даҳасига бўлган эҳтироми юксак эди. Балки менинг ҳам Амир Темурга ва Темурийзодаларга бўлган ҳурматим баланд бўлгани сабаб, Юсуф Расул иккимиз тездан дўстлашиб ака-ука бўлиб кетгандирмиз. Юсуф менга кўп яхшиликлар қилди.

Эсимда, Бишкекда қаҳратон қиш. Шафқатсиз шаҳар ичра ижара ҳақини тўлолмай бир оқшом кўчада қолдим. Қаёққа боришимни билмайман. Ўйлаб-ўйлаб охири Юсуф Расул бола-чақаси билан ижарада яшовчи квартирага бордим. Эшик ёнига бордиму, анчагача тортиниб эшик қўнғироғини босолмай турдим. Ниҳоят, қўнғироқни босдим. Бироздан кейин ичкаридан Юсуф Расулнинг:

- Ким у? - деган овози эшитилди.

- Мен, Вулқонман, - дедим. Юсуф эшикни очдида:

- Ие, Холдор ака. Қалайсиз? Қани ичкарига киринг, - деди. Мен ийманиб:

- Ука, кечасида сизларни безовта қилмай. Мен қайтаман, - дедим. Юсуф хайрон бўлиб эшикнинг ёполмай тураркан:

- Ҳа, тинчликми, ака? - деди юзларига ташвиш чўкиб. Мен вазиятни тушунтирдим. Бу гапдан Юсуф сал ўзига келгандай бўлиб:

- Ҳа, шу ҳам муаммоми, ака. Э, киринге, ичкарига. Ҳозир бу муаммомани шесть секундда ҳал қиламиз, - деди.

Мен ичкарига кириб, пойафзалимни ечиб курткамни илмоққа илдимда, меҳмонхонага ўтдим. Ичкаридан Юсуфнинг турмуш ўртоғи шоира, илмий тадқиқодчи олима, Умрқул Пўлканнинг қизи Саодат Пўлкановна чиқиб келиб мен билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраркан, воқеадан хабар топиб, менга чин юракдан ачинди. Столга емоқ-ичмоқ келтириб: “Ташвиш қилманг, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади”, - дея кўнглимни кўтарди. Бу орада Юсуф Қудрат Божожонга телефон қиларкан, гапира бошлади:

- Қудрат ака, Вулқон ака шоир кўчада қоптиларку, нима қиламиз? Уни биронта жойга жойлаштириш керак. Биз икки хонали квартирада бола-чақа билан зўрға сиғиб яшаяпмиз. Сиз ҳозир бир ўзингиз турибсиз. Вулқон ака уй топгунларича Сиз билан яшаб турсинлар, - деди. Қудрат ака рози бўлди шекилли, Юсуф телефон алоқани узаркан менга қараб:

- Ана, бўлди. Шунга ҳам руҳингизни чўктириб юрибсизми? Кетдик. Сизни Қудрат аканинг уйига жойлаштириб келаман, - деди у. Биз йўлга отландик.

Мен Саодатга раҳмат айтиб ташқарига чиқдим. Юсуф иккаламиз қалин қорлардан ёришган изғиринли кечада Гоголь кўчасидан Правда кўчасига ўтдикда, пиёда Жукеева-Пудовкина тамон жўнадик. Правда кўчаси то Пудовкинага чиққунча қадар икки ёндаги арчазор аллеялар ва иморатлар қад кўтарган тепаликлар аро чўзилиб ётади. Бу кўча аввалари чуқур анхор ўзани бўлганми дея ўйлайсиз. Вақт кеч бўлганидан автомобил қатнови деярли тўхтаб, йўловчилар қадами тийилган. Юсуф иккаламизнинг одимларимиз товуши “ғарт-ғурт” қилиб қорли сукунатга акс-садо берар, биз йўл-йўлакай сухбатлашиб борардик. Биз шу тариқа узоқ йўл юрдик, ниҳоят қамоқхонадан ўтиб кўприкка етгач, Юсуф қўлқопли қўли билан ғиштли уйлардан бирига ишора қилиб:

- Мана келиб қолдик. Қудрат шу уйда яшайди, - деди. Биз Қудрат Бобожоннинг уйига кириб бордик. Қудратни тез қизишиб кетадиган, бироз ўзини катта олгувчи, қўполроқ одам сифатида таърифлаб, у билан тил топишиш қийин дейишганди. Акси бўлиб чиқди. Ташқи кўринишдан кибру хаволидай кўринган Қудрат Бобожон назари тўқ, покиза қалбли, кези келганда кулгили воқеаларга бой ўтмиш саргузаштларини ҳикоя қилиб, одамни кулидириб қотиргувчи қувноқ инсон экан. У менга квартира хоналаридан бирини ва эшик калитининг биттасини берди. Юсуф Расул ўша кеча ҳеч кимсиз хилват кўчалардан юриб яна ортига қайтди. Хайрлашаётиб:

- Юсуф, эхтиёт бўлинг. Йўлда-чўлда ҳар хил беъмани алкаш, наркоманлар..., - десам, у менинг гапимни бўлиб жилмайганича елкамга урар экан:

- Ташвиш қилманг, ман ахир таэквон-до бўйича спорт мастериманку, – деди сўнг яна бир бор хайрлашиб жўнаб кетди.

Шундай қилиб мен Қудрат Бобожоннинг ижарадаги уйида яшай бошладим. Бир оқшом Қудрат:

- Вулқон ака, анави шкафда ООН берган ун бор. Бекор ўтиргунча ўша ундан ҳамир қилиб духовкада нон пиширмаймизми? – деди.

- Майли, - дедим мен. Қудрат елим тоғарага ҳалиги ундан соларкан, музлатгичдаги сутдан куйиб ундан қоришма тайёрлади.

- Озгина шакар қўшворсакмикин? - деди у ҳамир қорир экан.

- Яхши бўлади, дедим мен ва шакарни Қудратга узатдим. Қудрат шакарни қўшгач бироз ўйланиб тураркан:

- Майиз билан майонез ҳам қўшамиз, - деб қўйди. Мен майиз билан майонезни узатдим. Бу орада ун титилиб, сочилиб ошхона поли оқариб кетди. Қудрат ҳамир қориш билан овора. Кутилмаганда у:

- Э, каллам қурсин, сметана билан асал қўшмабмизу, - деб қолди. Биз ҳамирга асал билан сметанани ҳам қўшдик.

- Тухумчи, тухум? Тухумни қўшмадигу? - дедим мен.

- Даровқе, - деди Қудрат. Ҳамирга тухум ҳам аралаштирдик. Кейин нон бўрсилдоқ бўлиши учун дрожжи билан чой сўдасини қўшдик. Нихоят қамир тайёр бўлди. Биз ҳамирни бир неча бўлакларга бўлиб зувола қилдикда ялпайтириб вилка билан чекдик. Сўнг уларни духовкага жойлаб қўйдик.
- Лекин нонмисан нон бўладиган бўлди, - дедим мен.

- Ҳа-а, - деди Қудрат нарсаларни йиғиштирар экан.

Шундан сўнг иккаламиз нон пишишини кутиб, чой ичиб анчагача сухбатлашиб ўтирдик. Нихоят жахон нонвойчилиги тарихида мисли кўрилмаган кашфиёт “супер нон”ни духовкадан тантанали равишда олишнинг хаяжонли дамлар етиб келди. Биз худди картачи фирибгар буюк ғиромлик олдидан карталар четини охиста суриб кўздан кечираётгандай бағоят эхтиёткорлик ила духовка эшигини очдик.Қарасак, нонларимиз купчиб, қизариб шунака чиройли бўлиб пишибдики, уларни кўриб биз жуда қувониб кетдик.

Кейин уларни авайлаб олиб столга қўйдик. Нонларга қараб ютиндик. Сабримиз чидамай нонлардан бирини иккига бўлдикда, мусулмончилик таомилига кўра “Бисмиллаҳир роҳманир рохим” – деб бўлакларни пуфлаб совутиб танавул қилдик. Биз нонни татидигу бир-биримизга қараб қолдик. Сўнг “хо-хо”лаб кула бошладик. Куламан деб тиқилиб қолишимизга оз қолди. Билсак, нонга энг ассосий нарса – туз қўшишни унутган эканмиз.

Шу тариқа кунлар ўтаверди. Бир куни Қудрат Бобожон учинчи мамлакатга жўнаб кетди. Кейин Юсуф Расул ҳам Швецияга кетди. Мен Юсуф Расул ижарада турган уйда қолдим. Доим ака-укадай қадрдон бўлиб бирга юрган дўстингни ярим тунда олис сафарга кузатиб, ҳайҳотдай квартирада бир ўзинг қолишданда ёмонроқ нарса йўқ экан. Қорним очиб холодильникни очсам, Юсуф менга битта пишган товуқни қолдириб кетибди. Чой қайнатиб дамлаб, столга товуқни қўйдимда ундан бир бўлагини қайриб олиб ея бошладим. Негадир хўрлигим келди. Димоғим ачиб, ўпкам тўлиб, таомни ютолмай қолдим. Кўз ёшларим дувиллаб тўкилди. Ёлғизлик шунақа ёмон бўлар экан.

Вақтлар ўтиб, мен Юсуф Расулга бағишлаб “Ватан фироқи” номли шеър битдим.

ВАТАН ФИРОҚИ
(Туғушган инимдай қадрдон, истеъдодли шоир ва журналист ука Юсуф Расулга)

Ҳақ гапни айтганим айбимми менинг?
Нима гуноҳ қилди, айтинглар, нетдим?
Баланд қорли тоғлар ортида қолган,
Олис Панжикентни соғиниб кетдим.
Онам мени туққан қишлоқда ҳамон,
Алвон булутларга қуёш ботарми?
Сабо дувиллатиб шудринг тўккан,
Йилғинзор тамонда тонглар отарми?
Кечир, сени ташлаб кетдим, болалик,
Мустабид шоҳ каби қуладим тахтдан.
Умримнинг кимсасиз мавзолейида,
Ўзимни тутолмай йиғладим бахтдан.
Гувиллайди ваҳший одам ўрмони,
Кети кўринару кўринмас боши.
Қуёшни ёнғиндан қутқариш шартмас,
Энг хавфли ёнилғи кўзимнинг ёши.
Хотиротнинг кўҳна омборларида,
Бугун навбатчиман, уйқусиз посбон.
Қуёш манғлайидан қамашди кўзим,
Менга бундай боқма, киприксиз осмон!
Ой оқшом бўғзида ўлмаган оҳак,
Чириб кетмасайди кўзларим дейман.
Осмон – хирмон, оқ булутлар – пахта,
Бўшликларни ямлаб ҳавони ейман.
Панжикентга қўнар меҳригиё шом,
Буйраклари тошли далалар хаста
Ҳадемай уфқларда оқ халатли тонг
Осмон грижасини ёради аста.

Мазкур шеърни Юсуф Расулга юбордим. Юсуф Расул менинг электрон почтамга хат йўллаб “Раҳмат акажон, шеърни йиғлаб ўқидим” деб ёзди.

(Давоми бор)


“Ҳаракат” журнали таҳририётидан: Холдор Вулқон ўз асарини ҳужжатли қисса деб атаган. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “қисса” сўзининг бир-бирига яқин уч маъноси бор. Уларни ҳисобга олсак, Холдор Вулқоннинг асарини “хотиралар” деб аташ тўғрироқ бўларди. Ҳақиқатдан, муаллиф бу ерда ўзининг узоқ ўтмишидан тортиб шу кунларгача ҳаётида бўлган воқеаларни хотирлайди.

Аслида, қиссани ёзишни бошлашдаги мақсад кенгроқ эди, деса бўлади. Чунки, Холдор Вулқон сиёсатчи. Хотиралар ёзаётган сиёсатчидан, воқеаларни фақат эслашдан ташқари, уларни бу куннинг баландликларидан туриб таҳлил қилиш ва уларга баҳо беришни кутиш ғоят табиийдир.

Масалан, қисса муаллифи ҳозир 53-54 лақаби билан танилиб қолган “Эрк” партияси раиси Салой Мадаминга йиллар бўйи қанчалик ишонганини кўрсатувчи бир қатор воқеаларни эслар экан, уларга бугуннинг поғаналаридан ҳам назар ташлайди ва ўша кунлар учун пушаймон эканлигини эътироф қилади.

Аммо, ўткан кунларга шу йўсинда баҳо бериш қиссада кўп учрамайди. Масалан, Холдор Вулқон ҳали ёш бола экан, онаси оғир касалликка дучор бўлганда, айнан ўзининг, яъни Холдор Вулқоннинг отаси ўлим тўшагидаги аёлини аёлнинг ота-онасиникига ташлаб келганини ёзади. Ўзбек халқининг ўша йиллардаги менталитети ва ўзбек оиласи ичидаги қадриятларни тушуниш учун муҳим бўлган бу воқеа оддий бир ҳодисадек таҳлилсиз қолдирилади, унга бир фарзанд, қолаверса ёзувчи-сиёсатчи сифатида баҳо беришга ҳам ҳаракат қилинмайди.

Бошқа бир мисолни қиссанинг шу кунгача бўлган сўнг қисмларида кўрамиз. Муаллиф қочқин сифатида Бишкекда оғир шароитда яшаганини англатар экан, бошқа мухолифатчилар, хусусан Юсуф Расул, Тўлқин Қораев, Қудрат Бобожоновлар ўзига самимий инсоний ёрдам беришгани, улар билан бир бирларига устун бўлиб яшашганини тилга олади. Булар олқишга сазовор воқеалар.

Лекин, гўёки мавжуд режимнинг дастидан ватанни тарк этишга мажбур бўлган бу кимсалар чет эл оромгоҳларига жойлашгандан кейин, кимларнингдир топшириғи билан (топшириқ кимдандир бўлгани аниқ, чунки, улар ўз олдиларига тузукроқ вазифа ҳам қўя олмайдиган инсонлардир), мухолифатнинг асосий кучи сифатида айнан ўша режимга қарши амлада кураш олиб бораётган ягона ташкилот - “Бирлик” Партиясига нисбатан юритаётган фаолиятларини, тўғрироғи ифлосликларини муаллиф кўрмагандек бўлади. Уларни на таҳлил-анализ қилади, на уларга баҳо беришга интилади. Ваҳоланки, бу каби воқеалар орасидаги боғланишларни тушунишга ҳаракат қилиш ватан ва миллат тақдирини ўйлайдиган ҳар бир зиёлининг вазифаси бўлиши керак.

Қисса муаллифи бу фикрларни келажак учун таклифдан ҳам кўпроқ ўқувчиларнинг истаги сифатида қабул қилади, деб умид қиламиз.