Маҳмуд Тоштемир - Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан алоқаларини кенгайтирмоқчи
Андижонда 2005 йил 13 майдаги акромийларнинг қўзғалонидан кейин Ўзбекистон ҳукумати тарафидан тинч аҳолининг ҳам ўққа туттирилиши демократик дунё тарафидан кескин қораланди. АҚШ ва Европа Иттифоқи (ЕИ) Ўзбекистон ҳукуматидан халқаро мустақил коммиссияга бу воқеаларни ўрганиш учун имкон беришни талаб қилди ва рад жавобини олгач, Ўзбекистонга қарши бир қатор етарлича юмшоқ санкциялар киритди.

Аммо, Россия ва Хитойнинг демократиядан узоқ бўлган ҳукуматлари тарафидан дастакланган Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармади. Шундан кейин, табиий савол туғилди: Энди нима қилиш керак?

2006 йилнинг кузида Европа Иттифоқининг расмий ҳайъати Ўзбкистонга келди ва шундоқ ҳам юмшоқ бўлган санкцияларни юмшатиш эвазига Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари ва ЕИ-Ўзбекистон алоқаларига оид масалаларни қўриша бошлади. Тан олиш керакки, ЕИнинг Ўзбекистонга қарши критган санкциялари рамзий бўлиб, Ўзбекистон билан мулоқотларни тўхтатиш, Ўзбекистонга қурол сотмаслик ва Ўзбекистоннинг 12 расмий вакилига ЕИ давлатларига кириш учун виза бермаслик каби тадбирлар эди.

Демак, шу шароитда Ўзбекистон ҳукуматининг бу санкцияларни юмшатиш мақсадида Европа Иттифоқи билан мулоқатга кириши ЕИнинг эмас, Ўзбекистон ҳукуматининг орқага чекиниши эканлигини тушуниш керак.

2006 йилнинг август ойида ЕИнинг ҳайъати Андижон воқеаларидан кейин биринчи марта Ўзбекистонда бўлди. Бироздан кейин ЕИнинг Марказий Осиё масалалари бўйича комиссари Пьер Морель Тошкентда келди ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан учрашди.

Шундай шароитда, аниқроғи, 2006 йил 6 ноябрда “Бирлик” Партияси баёнот эълон қилиб, ЕИ Ўзбекистонга нисбатан ўтказилаётган босимларини Ўзбекистоннии халқаро структураларга интеграция қилиш жараёни билан биргаликда олиб бориши кераклигини урғулади. Айни замонда, дейилади “Бирлик”нинг баёнотида, Ўзбекистондаги демократик кучларни қўллаб-қувватлаш жуда муҳимдир, чунки, Ўзбекистонда демократик жараёнларнинг олға кетиши ва Ўзбекистонни Ғарб дунёсига интеграция қилиш демократик мухолифатнинг иштирокисиз амалга ошолмайди.

Европа Иттифоқи 13 ноябрда Ўзбекистонга қарши киритилган санкцияларни муддатини узатди, аммо, Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқатлар олиб борилишини, ижобий натижалар бўлган тақдирда санкциялар келажаги қайтадан кўриб чиқилишини билдирди. Булар айнан “Бирлик” истаган йўналишдаги қадамлар эди.

“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат ва партия раисининг ташқи алоқалар бўйича ўринбосари Пўлат Охун 24 ноябрда ЕИнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича Бош комиссари Хавьер Соланага мактуб йўллаб, ЕИнинг Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар бўладиган бўлса, у билан алоқаларни нормаллаштириш йўналишидаги қадамларини олқишладилар.

Хавьер Солананинг маслаҳатчиси Энрика Мора 2007 йил 16 январда Абдураҳим Пўлат номига хат йўллаб, Европа Иттифоқи расмийлари Ўзбекистон вакиллари билан учрашувларида “Бирлик” ҳам кўтараётган инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларини доимо тилга олиб келаётганлари ва ЕИ бу принципиал масалаларда ҳеч қачон орқага чекинмаслигини ифода этди. Хатда жаноб Солана ЕИнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вакили Пьер Морелга “Бирлик” раҳбарлари билан керакли учрашувлар ўтказиш бўйича топшириқ бергани ҳам билдирилган. 12 февраль куни шундай учрашув бўлиши керак эди, аммо, виза масаласида чиққан қандайдир тушунмовчиликлар туфайли “Бирлик” лидери Брюсселга боролмади.

Европа Иттифоқи ўзи танлаган йўлдадан кетишга бошлади. 2007 йил май ойида ЕИ Ўзбекистон ҳукуматининг бир қатор расмийларига қўйилган виза чекловлари вақтинча тўхтатди, 2007 йил октябрь ойида виза чекловлари яна олти ойга тўхтатиладиган бўлди. Охирги ярим йиллик муддат шу йил апрель ойида битиши керак эди.

Январь ойининг сўнгида ЕИнинг Марказий Осиё бўйича комиссари Пьер Морель Тошкентга келиб, президент Ислом Карим билан учрашди. Шундан кейин бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон қамоқхоналаридан озод қилинди.

Шундай бўлса ҳам, мухолифатдаги майда-чуйда гуруҳлар Европа Иттифоқидан Ўзбекистонга қарши киритилган санкцияларни давом эттиришни ва бошқа санкциялар киритшни талаб қилишди. Мухолифатнинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партияси санкциялар бефойда эканлиги ва бунинг мисоли сифатида Куба ва Ироққа қарши киритилган санциялар ҳеч қандай натижа бермаганини урғулаб, Ўзбекистоннни Ғарб дунёси билан боғлиқ структураларга интерация қилиш мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида ижобий ўзгаришларга олиб келиши ва демократиянинг ривожланишига йўл очишини таъкидлади, демократик ўзгаришларни, интеграцион жараёнлардан тўғри фойдалана олган ўзбек мухолифатининг ўзи қилишини гапирди.

Шу йил 4 мартда “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат Европа Иттифоқи Кенгашининг Бош Котиби, ЕИнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича Бош комиссари Хальвер Солана ва ЕИнинг Марказий Осиё бўйича комиссари Пьер Морелга махсус мактуб йўллаб, ўз партиясининг юқорида айтилган фикрларини билдирди ва хусусий бўлса ҳам, Ўзбекистонда демократиянинг ривожланиши нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга бўлган икки масалани урғулади. Булар қуйидагилар эди:

- Сохта айблар билан узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган “Қуёшли Ўзбекистон” коалициясининг раиси Санжар Умаровни озод қилиш.

- “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охуннинг муддати тугаган паспортини тезда алмаштириб беришни ва унинг сиёсий фаолияти йўлига қўйилган тўсқинликларни олиб ташлашни Ўзбекистон ҳукуматидан талаб қилиш.

21 апрелда Абдураҳим Пўлат ва Пўлат Охун Европа Итифоқи Ташқи Ишлар вазирлари Кенгашининг яқинда бўладиган мажлиси олдидан Кенгаш аъзоларига мурожаат қилдилар.

Мурожаатда “Бирлик” Партиясининг ЕИ-Ўзбекистон алоқаларига тегишли позициясини яна бир марта қайтарилган.

Яқинда Ўзбекистонда бир неча сиёсий маҳбуснинг озод қилиниши тўғри йўналишдаги қадамдир, дейилади бу мурожаатнинг давомида. Аммо, бу воқеани Ўзбекистон ҳукуматининрг демократияни ривожлантириш йўлидаги сезиларли қадами деб ҳисоблаш муболаға бўларди. Инсон ҳуқуқларини ҳар тарафлама ҳурмат қилиш бошлангандан кейингина Ўзбекистонда кўзга кўринадиган ўзгаришлар тўғрисида гапириш мумкин. Авваламбор, фуқароларнинг сиёсий ҳаётда иштирок этишларига имкон берилиши лозим. Демократик мухолифат парияларининг расмий фаолиятига йўл берилмагунча Ўзбекистонда демократик жараёнлар олға кетиши мумкин эмас.

Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни янада тезроқ ривожлантириш учун, дейилади “Бирлик” мурожаатининг охирида, Ўзбекистон ҳукумати энг камида қуйидаги икки қадамни қилиши шарт:

1. Расмий рўйхатдан ўтиш масаласида Адлия вазирлиги билан мулоқатларини анча олдинга олиб борган ягона мухолифат ташкилоти бўлмиш “Бирлик” Партиси рўйхатга олиниши лозим.

2. Ҳамма сиёсий маҳбуслар зудлик билан озод этилиши керак.

26 апрель куни Хюман Райс Вотч ташкилоти Брюсселда махсус баёноти тарқатиб, Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистон ҳукуматига қарши Андижон воқеаларидан кейин киритилган санкцяилар давом эттирилиши кераклигини билдирди. Бунинг сабаби сифатида, Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жиддий қадамлар қилмагани кўрсатилди.

Ниҳоят, 29 апрелда Европа Иттифоқи Кенгаши Ўзбекистон бўйича ўзининг қарорини эълон қилди.Европа Иттифоқининг ҳукумати сифатида фаолият кўрсатувчи орган – Европа Иттифоқи Кенгашининг (ЕИК), аниқроғи, ЕИ Ташқи алоқалар Кенгашининг шу кунги 2865-чи мажлиси ҳақидаги пресс-релизнинг маъноси шундай (http://www.consilium.europa.eu/ueDocs/cms_Data/docs/pressData/en/gena/100211.pdf):

1. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масаласидаги прогресс ЕИК томонидан олқишланади. Ўлим жазосининг бекор қилиниши ва болалар меҳнатига доир халқаро конвенциянинг ратификация қилиниши эътиборга олинади.

2. Бир қатор ҳукуқ ҳимоячиларининг озод қилиниши, шартли қамалганларнинг жазо муддати бекор қилингани олқишланади.

3. Ўзбек ҳукумати Халқаро Қизил Хоч ташкилотига ўз қамоқхоналарини зиёрат қилишга рухсат бергани ҳам олқишланади. Кенгаш бу хусусдаги келишув қандай амалга оширилишини кузатиб боради.

4. ЕИК Ўзбекистон билан инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқатларни давом эттириш тарафдори ва шу йил май ойига режалаштирилган учрашувларни олқишлайди. ЕИК Ўзбекистон расмийларини ахборот воситаларининг эркинлиги хусусида семинар ўтказиш ва фикр билдириш эркинлигини таъминлаш масалаларида рағбатлантиради.

5. Шундай бўлса ҳам, ЕИКнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг аҳволи хусусидаги жиддий хавотирлиги давом этади. ЕИК аввалари ҳам айтилганидек, Ўзбекистон тарафидан бу соҳада ўзгаришлар қилишни талаб қилаверади. Ўзгаришлар деганда, ҳамма ҳуқуқ ҳимоячиларини озод этиш, ХРВ вакилини аккредитация қилиш жараёнини охирига етказиш, БМТ махсус вакилининг қийноқларни йўқ қилиш бўйича берган тавсияларини ҳаётга тўла жорий қилиш, ноҳукумат ташкилотларининг фаолиятига тўсқинлик қилмаслик каби масалалар назарда тутилаётгани алоҳида урғуланади.

6. Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилашга рағбатлантириш мақсадида, бир қатор ўзбек расмийлари учун киритилган Европага виза чекловлари яна 6 ойга тўхтатиб турилади. Уч ойдан кейин ЕИК ўзининг бундан аввалги қарорлари ва бугунги хулосаларнинг 5 моддасидаги талаблар қандай бажарилаётганини яна бир бор кўриб чиқади. Унинг натижалари бўйича, виза чекловлари бекор қилиниши, ўзгартирилиши ёки қайтадан жорий этилиши мумкин.

* * *

Кўриниб турибдики, ЕИнинг бу қарори, умуман олганда, “Бирлик” истаган йўналишдаги қарордир. Бу ҳужжатда бирон марта демократия, мухолифат, сиёсий маҳбуслар сўзлари ишлатилмаган бўлса ҳам, бугунги шартлар остида, у етарлича мувозанатли ва кучли эканлигини эътироф этиш керак. ЕИКнинг анчагина юмшоқ шаклда қўйган талаблари ҳам - ўзбек демократик мухолифатини рағбатлантирувчи қадамлардир. Булардан фойдаланиб Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш, мухолифатнинг расман тан олинишига ва ҳамма сиёсий маҳбусларнинг озод этилишига эришиш ўзбек мухолифатининг ўз вазифасидир.

Табиий, бу масалаларда Ғарбнинг ёрдамига таяниш, Ғарбни янада кескинроқ чиқишлар қилишга ундаш ҳам давом этавериши керак. Масалан, ЕИ ва ЕХҲТ каби ташкилотларнинг Ўзбекистонга оид расмий ҳужжатларида демократия, мухолифат ва сиёсий маҳбуслар бўйича талаблар ўз аксини топишига эришиш керак. Ҳозирча фақат “Бирлик” Партияси бу йўналишда сезиларли қадамлар қилмоқда. Улар охирига етказилиши шарт.