Журнал Ҳаракат №1 (70) 2008. Биз яшаятган жамият
Афғонистондаги аҳволдан яна ўзбек журналистикасига
Қўшни мамлакатдаги вазият бизни қизиқтириши керак. Аммо, қизиқтирмайди. Тўғрироғи, бизни нима қизиқтиради ўзи? Россиядаги аҳвол билан ўзбекларни таништирувчи, муҳим бўлгани, Ўзбекистон нуқтаи назаридан қараб анализ қулувчи биронта мақола борми ўзбек матбуотида?
Расмий матбуотда йўқлиги аниқ, мухолифат матбуотида-чи? Ҳозир “Ҳаракат” журналидан бошқа мухолифатнинг матбуот органи ҳам йўқ. Лекин мухолифат тарафдориман деганлар очиб ташлаётган қўлбола сайтлар ёмғирдан кейин чиқадиган қўзиқориндек кўпаймоқда. Аммо, яна қайтаришга тўғри келади, Ҳаракат” сайтидан бошқа жойда биронта пичоққа илинадиган аналитик мақола йўқ. Бошқалар асосан йиғи-сиғи қилишади, узоқдан туриб олиб ҳукуматни сўкиб олиш ва шу йўл билан хумордан чиқишни асосий мақсад қилиб олишган. Озодлик, Америка Овози ва ББСнинг ўзбекча эшиттришларида ҳам шу аҳвол.

Афғонистондаги вазиятни ўрганувчи биронта мақола ҳам йўқлигини гапириб ўтириш ортиқча. Туркия, Украина, Гуржистон ёки Озарбайжонга муносабат ҳам шундай.

Бошқаларда ҳеч нарса йўқ, “Ҳаракат” сайтида ҳамма нарса жойида демоқчимасмиз. Аммо, бизда ҳарқалай озгина бўлса ҳам бор. Айниқса, Россия ҳақида. Туркия, Украина, Озарбайжон ва Гуржистон каби мамлакатлардаги вазиятни хабарларга берилган комментарийлар шаклида ҳам етарлича ёритмоқдамиз. Аммо, бу ҳам оз.

Ислом дунёси чуқур инқирозда эканлигини ҳозир ҳеч ким инкор қилолмайди. Бу инқирознинг сабабларини ўрганиш, ундан чиқиш йўлларини қидириш “Ҳаракат” сайтидан бошқа ҳеч кимни қизиқтирмайдими? Бу каби саволлар кўп, жавоб йўқ.

Марказий Осиёнинг келажаги қандай бўлади? Бу савол биз учун қанчалик муҳимлигини гапириб ўтириш ортиқча. Тайёр жавоб йўқлиги ҳам маълум, лекин турли вариантлар устида ҳозирданоқ ўйлаш мумкин ва керак. Рус матбуотида бу хусусда бир нарсалар ёзилмоқда. “Бирлик” лидерининг журналиимизда эълон қилинган рус тилидаги “Марказий Осиё Бирлиги: аввалги ғоя, янги фикрлар” мақоласини ҳисобга олмаса, ўзимиз жиммиз.
Ўзбек матбуотидаги бу аҳволнинг сабаби – журналистман деб кўкрагига урадиганлар кўпу, аслида, журналистларнинг йўқлигидир.

Мухолифатга оид сайтлардаги журналитикликни даъво қилаётганларни қўйиб турайлик, русларнинг сайтларида Таксанов, Нурмҳаммедов, Ляганов исмли журналистлар ижод қилишади. Аммо, уларнинг мақолалари совет замонидаги “Муштум” журналининг сатирик руҳи доирасидан юқорига чиқолмаябди.

Аслида, бугунги замонавий имкониятлар бошқа мамлакатларга бориб ўтирмасдан у ердаги вазиятни чуқур ўрганиш ва аналитик мақолалар ёзиш учун етарлидир. Лекин, бунинг учун талант ҳам керак.

Ўзбек журналистларидан умид бўлмагани учун бизни қизиқтираётган мавзулар бўйича Қозоғистон матбуотида чиққан мақолаларга тез-тез юз ўгирмоқдамиз. Бугун ҳам шу анъанамизни давом эттириб, Олма-Отада рус тилида чиқадиган “Континент” журналининг янги сонида эълон қилинган Евгений Пастуховнинг Афғонистондаги сўнг воқеаларни, хусусан, у ердаги ўзбекларнинг ички курашини ёритувчи “Нотинч қўшничилик” (Беспокойное соседство) мақоласини сайтимизнинг “Актуал мавзу” бўлимига қўйдик. У мақола “Ҳаракат” журналининг 2008 йил 1-чи сонида ҳам ер олади.

Мақолани ортиқча мақташ истагимиз йўқ, у анчагиа жўн ёзилган. Аммо, ўзбек журналистлари мутлақо суст-ку!

Шундай бўлса ҳам, ҳаммани бу мақола билан танишишга чақириш билан бирга, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатнинг қуйидаги мурожаатини диққатингизга ҳавола қиламиз:

- Бир маҳаллар ҳамма мухолифатчиларни ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист бўлишга чақиргандик. Натижада Ўзбекистонда кенг кўламли ҳуқуқ ҳимоячилари ҳаракати яратилди. Аммо, журалистликада мақтанишга арзийдиган мисоллар йўқ. Менинг ўзим ва Пўлатжон Охун ҳамда сўнгги замонда бироз фаоллик кўрсатаётган Дайнов Ташановдан ташқари, бу хусусда ҳеч ким жонбозлик кўрсатаётгани йўқ.

Ваҳоланки, ҳозир чет элларда яшаётган турли соҳаларга оид бир қатор ўзбек илм одамлари бор. Илм одамларида аналитик қобилият доим кучли бўлган. Уларга мурожаат қилмоқчиман. Халқимизни, мухолифат фаолларинини ҳам, етиштириш учун мамлакатимиздаги ва дунёдаги долзарб масалаларга бағишланган мавзуларда қалам тебратишга ҳаракат қилинг. Мухолифат ичидаги жараёнлар ҳам чуқур таҳлилга зор. Яқин орада ўзбек журналистикаси тириладиганга ўхшамайди, жамиятни ривожлантириш эса, замонавий журналистикасиз бўлмайдиган нарса. Демак, ўзбек жамиятининг келажагини ўйласак, журналистикликни ҳам ўз зиммамизга олишга маҳкуммиз.

Бирон нарса ёзсангиз, уни фақат бизнинг сайтга жўнатинг ҳам демоқчимасман. Қайси сайтда бўлмасин, дозарб масалаларга турли нуқтаи назардан қарашларни ўқувчиларга етказиш лозим. Бизга юборилган ҳар қандай мақолани эса, сўзсиз чоп этамиз.

“Ҳаракат” сайти маъмурияти