Журнал Ҳаракат №3 (66) 2007. Инсон ҳуқуқлари
Раҳмон Абдулло - Назокатга отилган ўқ!
(Умида Ниёзованинг қамалиш ва озод этилиш ҳикояси)
Шу йилнинг 19 январида Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг таржимони, ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзова Қирғизистон билан чегара постида ҳибсга олинди. Андижон вилояти ИИБ ва МХХ тезкор ходимлари, чегара пости маъмурлари иштирокида ҳибс этилган Умида дарҳол вилоят ИИБ тергов изоляторига келтирилди. Орадан уч кун ўтиб, Тошкентга олиб келинган ҳуқуқ ҳимоячисига жиноий иш қўзғатилди. Республика транспорт прокуратураси тергов бўлими бошлиғи Улуғбек Ортиқов Умидани ЖКнинг 223-моддаси (Ўзбекистон Республикасидан кириш ва чиқиш қоидаларини бузиш) ҳамда 246-моддаси (Контрабанда) билан айблаб, тергов ҳаракатларини бошлаб юборди.

Умида Ниёзова авваллари ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчиларнинг асосий истеҳкомларидан бири бўлган Фридум Хауз, Интерньюс ташкилотларининг Тошкентдаги ваколатхона-лари ва “Свобода” радиосида ишлагани боис ҳам уни барча яхши танирди. Шунинг учун ҳам Умиданинг ҳибс этилиши фавқулодда шов-шувларга сабаб бўлди, ҳуқуқ ҳимоячилари, халқаро ташкилотлар уни озод қилиш талаби билан чиқа бошлашди. Бироқ орадан кўп ўтмай икки ёшли гўдаги бўлган аёлни ҳукумат ЕИ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан мулоқотлар давомида савдо воситаси қилиб ишлатиш учун ҳибс этгани хусусида тахминлар пайдо бўлди. Ҳарқалай, воқеалар ривожи шуни кўрсатдики, охир-оқибат ҳукумат шу йўналишда қисман мақсадига эришди ҳам.

* * *

Бу ўринда ҳуқуқ ҳимоячисининг қамалиши тафсилотларига тўхталмоқ жоиз.

2006 йилнинг 20 декабрида Бишкекдан қайтаётган ҳуқуқ ҳимоячисини Тошкент халқаро аэропорти божхоначилари текширди ва унинг ноутбуки, флэш дисклари ҳуқуқбузарлик воситаси сифатида олиб қўйилди. Божхона маъмурияти Умидани қўйиб юбориб, ундан мусодара этилган воситаларни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги мониторинг бўлими экспертлари текширувига берди. Қисқа вақтдан кейин, Умиданинг қўшни мамлакатга чиқиб кетгани маълум бўлди. Бироқ унинг муқаррар қамоққа олишга кўрсатма олган ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Умидани қайси айблов билан ҳибс этиш йўлини излардилар.

Бу орада ҳукуматнинг жонига Умиданинг таниши ва адвокати Аброр Юсупов оро кирди. У Бишкекка Умидага қўнғироқ қилиб, божхонадаги у билан боғлиқ ишнинг хавфи қолмагани, келиб техникалари ва паспортини олиб кетиши мумкинлигини айтибди. Юқорида таъкидлаганимиздай, ҳукумат Умиданинг чегара қоидаларини бузишини кутиб ўтирганди. Негаки, унинг паспорти божхоначиларда - гаров сифатида турганди. Сўнгра ҳамма нарса тахмин қилганидек бўлди, Умида адвокатининг гапига кириб Тошкентга қайтиб келаётган пайтда, аниқроғи 19 январда Ўзбекистон “изқуварлари” уни ҳибсга олиш операциясини амалга оширдилар.

Адвокат Аброр Юсупов дастлабки сўроқдан сўнг ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан диний ақидапарастлик ва исломий экстремизм ғояларини тарғиб қилиш айби ҳам қўйилганини сир тутди. Негаки, мазкур айблов мотивига кўра сиёсий бўлиб, халқаро ташкилотлар ва демократик кучларни жунбушга келтирар, шов-шувлар кўпайиб кетарди.

Бироқ шунга қарамай Умидани озод қилиш кампанияси бошланди. Хусусан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Республика Бош прокуратурасига уни озод қилиш, жуда бўлмаганда, эҳтиёт чорасини ўзгартириб тергов ҳаракатларини очиқда олиб бориш талаби билан чиқди. Жамият номидан жамоатчи ҳимоячилар тайинлаб, масалани сиёсий аҳамиятга молик, дея эътироф этди. Бироқ Умида жамоатчи ҳимоячилардан кўра адвокат Татяъна Давидовани фойдалироқ, деб билди ва “Эзгулик” вакилларини рад этди. Тергов органи эса эҳтиёт чорасини ўзгаришсиз қолдириб, ҳуқуқ ҳимоячисини ҳибсда олиб қолди.

Терговлар давом этаркан, Умиданинг ноутбуки ва флэш дискидан Андижон қатлиомига доир халқаро матбуот ва интернет тармоғида чоп этилган турли матриаллар топилгани маълум бўлди. Аслида мазкур матриаллар интернет тармоғида тарқатилгани, боз устига, бу ҳисоботлар мамлакатда аккередетациядан ўтган Ҳьюман Райтс Вотч ташкилотига тегишли экани маълум бўлса-да, тергов органи ҳуқуқ ҳимоячисини айблайверди. Халқаро GPI ташкилоти мамлакатдаги баъзи ҳуқуқ ҳимоячиларини интернет тармоғи ва бошқа техник воситалар билан таъминловчи лойиҳани Умида Ниёзова координаторлигида амалга оширганди. Ана шу лойиҳа терговлар сўнгида “рангли инқилоб”ларга тайёргарлик ўлароқ талқин этилди. Лойиҳада иштирок этган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари терговларга жалб этилиб, сўроқ қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Умидага қўйилган айблов билан ҳар бир ҳуқуқ ҳимоячиси, мухолифатчи ва ўзгача қарашдаги бир инсонни осонликча қамаш мумкин. Умида бор-йўғи “Оазис” интернет нашрига мақолалар уюштирган, АҚШнинг мамлакатимиздаги элчилиги демократик комиссиясининг кичик грантлар дастури бўйича беш-олти минг АҚШ доллари миқдорида грант лойиҳасини амалга оишрганди. Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларини GPI жамғармаси лойиҳаси асосида техник тайёрловдан ўтказганди. Буни қарангки, Умиданинг кўпчилик ҳамкасблари интернет хизмати ва бошқа техник ашёлар учун олинган харажатларни рад этиб, бутун айбни Умиданинг ўзига ағдариб қўя қолишди. Қўлида тилхат ва квитанциялар бўлган тергов органи Умидани ҳамкасбларининг хиёнати боис руҳан синдиришди.

Табиий, дунёнинг демократик ҳамжамияти Каримов режимини ёш боласи бор бир аёлни озод қилишга чақирди. Журналистлар ўз ҳамкасблари озодлиги учун кампания бошлашди. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, АҚШ Давлат департаменти, Европа Иттифоқи мулозимлари ҳамда мамлакатимиздаги дипломатик миссия мутасаддилари ҳукуматдан уни озод қилишни сўрадилар.

Бироқ ҳукумат ишни судгача судради, шу йил 30 апрел ва 1 май кунлари суд бўли ўтди ҳам. Ёпиқ эшиклар ортида ўтган дастлабки босқич суди - жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди судьяси Рустамов ҳуқуқ ҳимоячисини етти йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди. Ҳар доимгидек “адолат” ўйинлари ҳам ўйналди. Прокурор 8 йил қамоқ жазоси сўрган эди, судья “бор-йўғи” 7 йил билан кифояланди.

Бу пайтга келиб, Европа Иттифоқининг Андижон қатлиоми туфайли Ўзбекистонга нисбатан эълон қилган санкцияларини кучида қолдириш ёки уни бартараф этиш қарори муҳокама қилинаётганди. Муҳокамалар олдидан Ўзбекистон ҳукуматига ҳуқуқ ҳимоячилари Умида Ниёзова ҳамда Гулбаҳор Тўраеваларни озод қилиш талаби қўйилгач, мавжуд ҳукумат маълум бир қадамлар қилишга мажбур бўлди.

Умиданинг аппеляция аризаси 8 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳайъатида судья Снягина раислигидаги мажлисда кўриб чиқилди. Умидага дастлабки суд томонидан берилган етти йиллик қамоқ жазоси шартли жазо билан алмаштирилди.

Аммо рус тилида ўтказилганг бу суд мажлисидаги баъзи воқеалар ҳаммани ҳайрон қолдирди. Бу ерда Умида кўринишидан ҳукуматнинг тазйиқ ва талаблари остида ёзилган “иқрорнома”сини ўқиди. Унда: “Мен 3,5 ой қамоқда ўтириб кўп нарсани ўйладим ва тушуниб етдим. Халқаро ташкилотлар бизда рангли инқилоб тайёрлашмоқда. Мен уларнинг қопқонига тушганга ўхшайман” деган сўзлар бор. У яна суд залида ўтирган Хюман Райтс Вотчнинг Тошкетдаги вакили Андреа Бергга қараб шундай хитоб қилди: “Сиз бу ерда хато йўналишда иш олиб бормоқдасиз. Мен янглишиб Сизнинг орқангиздан кетдим. Мен ҳамма айбларимни тан оламан ва менга нисбатан ҳукмни юмшатишни суддан сўрайман”.

Шундан кейин суд ҳуқуқ ҳимоячисини 7 йилга озодликдан маҳрум қилувчи ҳукмга жиддий ўзгартириш киритди, қамоқ жазоси шартлига айлантирилди, бунинг 3 йилида у назорат остида бўлади. У суд залидан озод қилинди.

Мустақил экспертларнинг фикрига кўра, Умида устидан ўтказилган суд бошидан охиригача Ўзбекистон режимининг ўйини бўлган. Бир неча ой оммавий ахборот воситаларидаги тўпалондан кейин Каримов ҳукумати Европа Иттифоқи олдида ўзини оқлаб олгандек бўлди.

Лекин бу озодлик, инъом этилган “ҳурлик” Умидага татимаса керак. Аксинча, муштипар онаизори, беғубор гўдаги ҳаққи-ҳурмати ўқилган “иқрорнома” унинг кўнглига тиғ бўлиб ботганлигига шубҳа йўқ. Каримов режимининг зўровонликка асосланган тарғибот қуроли унинг нозик жуссасига қадалган эди. Йиртқич домида озор чеккан полапон сингари нигоҳини уятчан олиб қочаётган Умиданинг ҳур жамият, эркин ўлка ҳақидаги орзу-ишончига зарба етганди.

* * *

Ҳуқуқ ҳимоячисининг, боз устига, болали аёлнинг шафқатсиз, зўравон тузум исканжасидаги 3,5 ойлик ҳаёти кўплаб ҳамкасбларимизнинг иродасини синади. Айримлар бу ҳолдан тушкунликка тушди, айримлар совуққон хулоса чиқариб, қалбидаги исён алангасига сув пуркади. Айримларнинг режим ваҳшийлиги қаршисидаги озодлик, ҳурлик аталмиш покиза туйғулари алангалади.

Бир сўз билан айтганда, Умида воқеаси унинг ҳаётидаги синов кунларигина эмас, мамлакат ҳукуматининг шармандали, қаттол кунлари ўлароқ ҳам ўтмишга айланди.