Журнал Ҳаракат №2 (65) 2007. Биз яшаятган жамият
Россияда маҳаллий сайловлар, рус демократларининг аҳволи ва Ўзбекистон
Шу йил 11 март куни Россия Федерациясининг 14 субъектида маҳаллий Қонунчилик мажлисларига сайловлар бўлиб ўтди. Санкт-Петербург, Москва вилояти ва Доғистонда Россия тарихида биринчи марта сайловлар тамомийла партиялар рўйхати бўйича, бошқа субъектларда эса, Мажлислар аъзоларининг ярми партия рўйхати бўйича, қолган ярми бир мандатли округлар бўйича ўтказилди. Расмий маълумотларга кўра, ҳамма жойда асосан 4 партия вакиллари мажлисларга сайланишган. Булар ҳукуматнинг 3 чўнтак партияси - “Бирлашган Россия”, “Адолатли Россия”, Либерал Демократик Партия ва КПССнинг давомчиси, асосан СССРни қўмсаб яшаётганлар тарафидан қўллаб-қувватланадиган Россия Федерацияси Коммунистик Партияси.

Сайловлар демократик фронтнинг икки партияси (Яблоко ва СПС) ҳали ҳам аянчли аҳволда эканлигини кўрсатди. Яблоко ўзи сайлов бюллетенига киритилган субъектларнинг биронтасида 7 фоизли тўсиқдан ўтолмади. У ўртача 4 фоиз овоз олган. СПСнинг аҳволи бироз тузукдек кўринади, у 5 регионда (Ставрополь ва Ленинград вилояти уларнинг ичида) тўсиқдан ўтди, у ўртача 7 фоиздан бир оз кўп овоз олган.

Биз ўзбеклар учун рус демократлари ичида кетаётган жараёнлар жуда ибратли бўлиши керак. Яблоко билан СПСнинг бир бирларидан жидиий фарқлари йўқ, улар бир бирларига нисбатан, ўзбек мухолифатидаги Бирлик ва Эрк партияларидан фарқли ўлароқ, хоинлик қилмаганлар, уларнинг иккаласи ҳам ҳукумат билан турли “ўйинлар” олиб боришади. Аммо, бирлашишни исташмайди, балки бирлашишолмайди.

Агар бирлашишса, уларнинг умумий электорати ҳозирги мавжуд электоратларнинг йиғиндисидан ҳам кўп бўларди ва демократлар Давлат Думасида ҳам, маҳаллий мажлисларда ҳам жиддий кучга эга бўлишарди.
Хўш, улар нима учун бирлашишмаяпти? Албатта уларни доимо уриштириб туришдан манфаатдор бўлган ҳукуматнинг ҳам қўли бордир. Аммо, бу асосий сабаб эмас.

Балки сабаб - ҳозир модага айланган айбномаларда айтилиши каби - лидерларнинг амбициясими? Агар шундай бўлса, бу демократик партияларнинг оддий фаоллари нега ҳеч нарса демаяптилар? Ҳеч бир ерда бу партия фаолларининг ўз лидерлари амбициясини қораловчи баёнотлари борми? Бир иккита бордир, аммо амбицияли лидерларга оммавий қаршилик йўқ.

Балки, ўртада катта пул бордир? Бу партияларнинг олиб бораётган ишлари ҳам кўрсатиб турибдики, уларда катта маблағ ҳам йўқ.

- Менимча, дейди, - “Бирлик” раҳбари Абдураҳим Пўлат, - русларда ҳам бизда ҳам демократ сиёсатчилар сиёсатчиликни касб эмас, ҳаваскорлик деб тушунадилар. Аслида сиёсатчилик бу касбдир, энг мураккаб касбдир. Одамлар билан ишлаш, жамиятни, давлатни бошқариш, бундан ҳам муҳими, рақобатчилик шароитида бошқариш, энг оғир иш. Ҳар қандай касбни, у қанчалик мураккаб бўлмасин, ўрганиш мумкин. Кўриниб турибдики, Яблоко раҳбари Явлинский ўзи фан доктор бўлгани, бир вақтлар СССР иқтисодини ислоҳотлаш ҳусусида популистик бир мақоласи билан машҳур бўлиб қолгани учунгина ўзини катта сиёсатчи деб ҳисоблайди, демак, бу касбни чуқурроқ ўрганиш кераклигини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Шу кунларда у билан “Свобода” радиосида бир туркум суҳбатлар ўтказилди. Аслида, Явлинский сиёсат нима эканлигини ҳам билмайдиган одам каби кўринади у суҳбатларида. Унда халқ тушунадиган қилиб соддароқ, айни замонда, оташин гаплашиш санъати ҳам йўқ. Бу сиёсатчи учун энг керакли хусусиятлардан бири. У биронта оргинал фикр айтганини кўрмадик, аслида, фикр яратиш, асосланган фикр яратиш қобилияти ҳам сиёсатчи учун сувдек керак бўлган нарса. СПС лидери Никита Белих ҳам ундан қолишмайди. Иккаласида компрмисга бориш ва узоқ музокаралар олиб бориш усулларини билишмайди.

Худди шу нарсалар Ўзбекистон мухолифатида лидерликка даъво қилаётганларга ҳам таалуқли. Сиёсатчи касб эканлигини, бу касбни ўрганиш кераклигини тушуниб етган ва ўрганиш йўлиги ўтган фаоллар етарли бўлмас экан, мухолифат кучли бўлолмайди.

Мен ҳозирги ҳукуматлар таркибида (Россияда ҳам Ўзбекистонда ҳам) бундай касб эгалари бор демоқчимасман. Қаердан ҳам бўлсин, робот каби юқорининг кўрсатмалари асосидагина бошқарувчилик билан шуғулланувчи номенклатура одамларини сиёсатчи деб бўлмайди. Аммо, мавжуд ҳукуматлар сиёсатчиликни билмаслик камчилигини диктаторлик ҳисобига, рақобатсизлик ҳисобига бекитиб келмоқдалар. Масалан, Путинни сиёсатчи дейиш учун катта жасорат керак. Қўлида катта тўқмоғини (бу - собиқ КГБ, армия, ядровий қуроллар, нефть, газ ва б.) ўйнатиб, катта бир давлатни, дунёдаги энг бой давлатни навбатдаги турғунлик ботқоғига олиб кетмоқда. Каримов ҳам шундай.

Ҳозир “Бирлик” олиб бораётган демократик кураш жараёнида замонавий сиёсатчилар етишади деб умид қиламан. Улар Ўзбекистоннинг келажакдаги бошқарувчилари бўлишади. Ҳар ҳолда шахсан мен ичимизда шундай одамлар етиштириш билан ҳам жуда жиддий шаклда шуғулланмоқдаман. “Бирлик”нинг бугунги куч манбаларидан бири шудир. Ҳа, бу жуда ҳам оғир иш. Буни бировлар тушунса эди. Мен ўқитишга ҳаракат қилаётган одамлардан баъзилари бунга қанчалик қаршилик кўрсатишаётганини кўрсангиз эди. Уларни ҳам тушуниш мумкин, чунки уларга кўра, бугунги мухолифатдаги сиёсатчи - Каримовга нафрати бўлган ҳар қандай ҳаваскордир. Аммо, сиёсатчи бўлиш учун фақатгина мвжуд режимга қарши бўлиш етарли эмас.●●●