Журнал Ҳаракат №1 (58) 2006. Адабиёт олами
Дилмурод Саййид - Шоир қолдирган дунё
Наҳот, иймон ўчган, топталган ҳуқуқ?
Наҳот, бу миллатнинг қаҳрамони йўқ?

ЎЗБЕК шеъриятининг Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Абдураҳмон Водилий каби иймонли шоирлари билан ёнма-ён туришга ҳақли бўлган БУГУНГИ вакили Рауф ПАРФИ эди.

У ҳаётининг сўнгги ўн йилида учта шеърий тўпламни ўз қўли билан нашрга тайёрлади. Минг афсуски, тириклигида бу тўпламлар қўлёзмалигича қолаверди. Бунинг ўзига яраша дунёвий сабаблари борки, бу «сабабу боис»ларни изоҳлашга сизу бизнинг ақлимиз ҳам, илмимиз ҳам, дунёқарашимиз ҳам торлик қилади. Фақат биттагина изоҳ билан чеклана оламиз, холос. Яъни, юқорида таъкидлаганимиздек, Рауф Парфи ўзбек шеъриятининг Чўлпон... каби иймонли шоирлари билан ёнма-ён туришга ҳақли бўлган бугунги Ўзбекистондаги ЯГОНА ВАКИЛИ эди. Айнан шу ҳақлилиги унинг ўнлаб ҳуқуқлари норасмий тарзда чекланишига асос бўлганлиги муболаға эмас! Шу ўринда фикримизга қувват сифатида Рауф Парфи шеъриятидан мисралар ўқийлик:

«Тириклик синчини, авом тинчини
Синдирдинг - кўксимнинг синиқларини.
Эрларнинг сиртини, аёл ичини
Булғотдинг - сувларнинг тиниқларини...

... Не-чун виждонини сотиб яшайдир,
Не-чун қуллигидан бехабар ҳар қул?
Не-чун зулм яшар, зулм ошайдир?!
Ҳақсиз оломоннинг тириклиги шул!..»

Ушбу сатрлар шоир вафотидан кейин - 2006 йил қиш охирларида чоп этилган янги китобидан олинди. «СЎНГГИ ВИДО» деб номланган бу шеърий тўплам Рауф Парфининг рафиқаси Сулҳида Ёлғиз саъй-ҳаракатлари ҳамда филолог-олим Улуғбек Ҳамдам фидойилиги билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий Кутубхонаси нашриётида чоп қилинган. Бу тўплам, таъбир жоиз бўлса, нафақат Ўзбек адабиёти ва китобхонларининг, балки МИЛЛАТИМИЗнинг маънавий ютуғи, Ўзбек шеъриятининг кейинги ЎН ЙИЛдаги энг эътиборли, ижобий силжишидир. Зеро, шоирлиги учун эмас, маддоҳлиги учун мансабу унвон тақиш, киборлар даврасидан ўрин топиш удумга айланган бугунги кунда Рауф Парфининг: «... Ўзим - халқман, ўзим - оломон, мен - Шоирман, ахир...» дея олиши ўзига хос камтарлик, хокисорлик ва беқиёс матонатдир. Ва Рауф Парфигина шундай дейишга ҳақли эди!...

«Сўнгги видо» тўпламини бир-бир варақлайман. Фақат ўқий оламан, холос ундаги сатрларни. Изоҳлаб беришга мендаги мантиқ илми анчайин саёзлик қилади. Шу боис фақат ўқийман, қайта-қайта ўқийман:

«... Сен - Шоир, мангулик охират каби.
Шеърият - ибтидо, шеърият - охир.
Изтиробдан Ўлмас Шоирнинг қалби,
Шоирнинг онаси Изтироб ахир!»

Бу - шунчаки ташбеҳ эмас, чин Шоирнинг таржимаи ҳоли! Бу «Таржимаи ҳол» Иймон қўлию Эътиқод қалами билан аввал Юрак қатига битилган бўлади. Уни Яратганнинг ўзи лавҳ этиб қўяди. Қолганини эса, Шоирнинг маънавияти Халққа етказиш учун қоғозга тушуради.

Бугунги шеърият иккига бўлинган:

1. Халққа етказиш учун қоғозга тушурилган Изтиробли шеърият!
2. Шоирликни маддоҳликдан фарқламай яратилган шеърият.
Биринчи тоифа шеърият жуда кам эълон қилинадиган, доимо таъқиб ва тазйиқда бўладиган Изтироблар ҳосиласи. Бу тоифага кирувчилар ХХ асрда анчагина эди. ХХI асрда эса...

Келинг, яхшиси Рауф Парфининг янги шеърий тўплами «Сўнгги видо»дан ўқийлик:

«Иймон қайда, билмас қаттол, жавонмарг
Дам кўкка боқадир, дам ерга боқар.
Аламзор қўйнида эзилган бир барг,
Сўнгги Унут сўзин дарёси оқар...
Даврлар қаърида инграйдир башар
Айтадир: «Шоир йўқ, шеърият яшар!»
(«Йўловчи» шеъридан, 2001)

* * *

«Маъбадлар тобламиш ўзига башар,
Онларин ичинда энг шуми шайтон.
Ўликлар устинда машварат, ҳашар,
ТоҚ келбат йигитлар майити майдон.
Ирфоннинг қўлларин, қанотин кесдинг,
Ёвуз саодат-сен, ёнглишқон кўлка.
Остингда ётқонни бағрингда эздинг,
Тепангга минганни ирғитдинг кўкка...
...Инсонни таҳқирлаш йўллари кўпдир,
Бошинда палахмон, жигаринда ўқ.
Ютгани оғудир, топгани чўпдир.
Наҳот, иймон ўчган, топталган ҳуқуқ,
Наҳот, бу миллатнинг қаҳрамони йўқ,
Наҳот, бу миллатнинг шоири йўқдир?!»
(«Сиёвуш» шеъридан)

Рауф Парфининг «Cўнгги видо» тўпламини варақлар эканман, 1983 йили ёзилган «Абдулҳамид Чўлпонга мухаммас» эътиборимни тортди. Уни ўқир эканман, бир аср оралиқда икки шоир қарашларида сира тафовут сезмадим, аксинча Рауф Парфи сатрлари Чўлпон мисралари билан уйғунлашиб, яхлитлик касб этганлигига ҳайратландим:

«Аллоҳ, Аллоҳ йиғлаюрсан булутдек
бағри сўзонсан,
Мунавварсан, мукаррамсан, рисолат
туғида шонсан,
Сен Каъбасан - Туркистонсан, хунимсан
сен ахир қонсан,
Тириксан, ўлмағонсан, сен-да Одам,
сен-да Инсонсан,
Бўйин эгма, кишан кийма, ки сен ҳам
ҳур туғилгонсан!»

Назаримда, икки Иймон ва Эътиқод соҳиби биргаликда даъват этаётгандек!.. Яна тушунишимча, Рауф Парфи комиллик остонасига етиб улгурган эди. Аммо бу қутлуғ остонага етганлигини биз 2003 йил ёзган «Тҳакурнинг охирги шеъри» сарлавҳали мисраларидан қисман англашимиз мумкин. Чунки тўлиқ англаш имконимиз чекланган - Рауф Парфидек Изтиробимиз - шеъриятимиз йўқ!

Гарчи бу битиклар «Тҳакурнинг охирги шеъри» деб номланса-да, изтироб фарзанди - шоир Рауф Парфининг қалби муҳрланган мисраларда:

«... Бу қандай каҳкашон? Бу қайси иқлим?
Алдандимми туғилиб? Ростми? Ё ёлғон?..
Эй, менинг паришон, эй шўрлик халқим,
Бағрим, қачон туғиласан, сен, қачон?!

... Ўзимни топканда сизни қидирдим,
Унутдим ўзимни, топдим еримни.
Мен сизга бир дунё дунё қолдирдим —
Мен сизга қолдирдим қонли шеъримни!.»

Мен Рауф Парфини кўрган-таниган, ҳамсуҳбат, ҳамфикр бўлган бир мухлисиман, холос. Унинг салоҳияти, изтироб мезони, сатрлари хусусида ўзимдан ўзгага изоҳ билдиришга буткул ожизман. Чунки Уни яхшироқ билиш учун ҳам Шоир шеърларини ўқиш, уқиш зарур. Унинг дунёси - шеъриятида! Бу дунёга разм солиш ва англаш учун, энг аввало - Иймон кишиси бўлиш, сўнгра Рауф Парфига мухлис бўлмоқ мумкин.

Зеро, бу фикрни Рауф Парфининг қуйидаги сатрлари ҳам тасдиқлайди:

«Менинг отам - Одам, момом - Ҳаводир,
Менинг Туркистоним ёрилган ерим.
Менинг фароғатим улуғ жафодир,
Менинг етим болам - севгили шеърим!
Менинг илк шиорим Исфидан Зардўшт,
Муҳаммаддир Расулуллоҳ паноҳим пирим.
Менинг лашкаримдир ҳар душман, ҳар дўст,
Менинг тирик нолам - севгили шеърим!